Давлат фуқаролик хизматчиси танлов асосида қабул қилинади

 Ҳоким ўринбосарлари фаолияти самарадорлиги автоматлаштирилган тизим орқали баҳоланади

 Бу амалиёт мутахассис-кадрларни ишга олишда шаффофликни таъминлаш билан бирга тизимда инсон омили аралашуви, таниш-билишчилик иллатига барҳам беради.

 Аслида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий йил 1 январдан давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш очиқ танлов ўтказиш йўли билан амалга оширилиши белгиланди. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш учун биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов ўтказиш йўли билан ишга қабул қилиш учун ягона тизим, яъни Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали (https://vacancy.argos.uz/) ишга туширилди.

Тизим орқали бугунги кунга қадар вилоят бўйича 322 нафар ходим ўтказилган очиқ танловларда ғолиб бўлиб, ишга қабул қилинди. Танлов асосида ишга қабул қилинган мазкур ходимларнинг 30 нафари биринчи маротаба давлат фуқаролик хизматига ишга жойлаштирилган. Бу Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали (https://vacancy.argos.uz/) орқали вакант лавозимлар учун ўтказилаётган танловларда номзодларга асосий талаб меҳнат стажи эмаслигини кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 14 сентябрь ҳолатига вилоят бўйича порталда 20 та иш стажи сўралмайдиган вакант лавозимларга очиқ танловлар эълон берилган.

Тўғри, бугунги кунда давлат бошқарув органлари ва ташкилотларнинг давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали (https://vacancy.argos.uz/)га уланиш жараёнлари тўлиқ якунига етмаган. Мисол учун, вилоятдаги 39 та давлат бошқарув органлари ва ташкилотлар, 17 та маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда умумтаълим мактаблари (1148 та) тизимга уланган. Бу жараён давлат фуқаролик хизматига кирувчи барча давлат бошқарув органларини тўлиқ қамраб олиниши билан ўз якунига етади.

Порталга уланган ташкилотларнинг катта қисмини умумтаълим мактаблари ташкил этаётгандек кўрингани билан ташкилотлардаги очиқ танловга қўйилиши лозим бўлган штатлар сони нуқтаи назаридан қаралганда, 39 та ташкилотнинг умумий штатлари сони 6,5 мингтани ташкил этади. Умумтаълим мактабларидаги очиқ танловга қўйилиши лозим бўлган штатлар сони эса 1148 та.

Қайд этиш лозимки, очиқ танловлар тўрт босқичдан иборат бўлиб, яъни эълон бериш, малака талаби бўйича кўриб чиқиш, тест орқали назарий билимларини синовдан ўтказиш ҳамда танлов комиссиянинг суҳбат босқичларини ташкил этиш мураккаб жараён ҳисобланади. Очиқ танловларни сифатли ва қонуний ўтказиш кўпроқ кадр хизмати раҳбарларининг билим ва амалий кўникмаларига боғлиқ. Очиқ танловларни ўтказиш кўникмалари шаклланмасдан оммавий тарзда ҳамма ташкилотларни бир вақтнинг ўзида тизимга уланиши кўплаб қонунбузилишларига ва бошқа оқибатларга олиш келиши мумкин. Шу боис, тизимга улаш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширини тақозо этади.

Дарвоқе, очиқ танловларни ўтказиш жараёнларида айрим муаммолар юзага келганига қарамасдан тизим доимий равишда такомиллаштириб келинмоқда. Жумладан, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларини очиқ эълон бериб бориш учун расмий канал (t.me/vacancy_argos), ўтказилаётган очиқ танловларни онлайн кузатиб бориш (t.me/vacancyonline), танловлар ғолиблари билан мунтазам танишиб бориш (t.me/vacancy_winners), очиқ танловлар юзасидан ўз таклиф ва муаммоларини билдириш (t.me/vacancy_argos_bot) ҳамда ариза, таклиф, шикоятларини (t.me/murojaat_argos_bot) юбориш имкониятлари яратилди.

Булардан кўзланган асосий мақсад давлат фуқаролик хизматига ишга олишда инсон омилини камайтириш, шу орқали таниш-билишчиликни, коррупцияни, адолатсизликни олдини олишга эришишдан иборат.

Шу ўринда яна бир гап. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги қарори билан “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга асосан секторлар фаолиятини баҳолашда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” билан ишлаш натижадорлиги, “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг юритилиш ҳолати, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш даражаси, тадбиркорликни ривожлантириш, жиноятчиликни камайтириш ва ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Инсон омилини камайтириш, рейтинг натижаларини сохталаштириш ҳамда кўрсаткичларни сунъий оширишнинг олдини олиш мақсадида секторлар фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича автоматлаштирилган дастурий таъминот – “sector.reyting.uz” онлайн ахборот тизими ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1-чорагида баҳолаш (рейтинг) натижаларига кўра вилоятдаги бирорта ҳам туман ёки шаҳарлар “яшил” ҳудудга кирмаган. Ярим йиллик натижаларига кўра эса 6 та - Пахтачи, Нарпай, Самарқанд, Иштихон, Жомбой, Қўшработ туманлари “яшил” ҳудудга кирган, “қизил” ҳудудда эса вилоятимиз вакиллари қолмади.

Умуман, дунё тажрибасида ривожланган 31 давлатнинг бошқарув тизимида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлар (KPI)дан кенг фойдаланиб келинмоқда. Юртимизда туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари фаолияти шу йўл билан баҳоланмоқда. Бунинг натижасида дастлаб туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолияти 167 та вазифа ва 88 та кўрсаткичлар асосида баҳоланган бўлса, такомиллаштирилиши натижасида вазифалар сони 59 тага ва кўрсаткичлар сони 72 та камайтирилди.

Умуман, бошқарувда самарадорликка эришиш учун биринчи навбатда, электрон ҳукуматни тезроқ ривожлантириб, рақамли иқтисодиётга тезроқ ўтишни тақозо қилмоқда. Шу боис, ҳозирги кунда агентлик томонидан туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими - https://kpi.argos.uz/ расмий сайти яратилган. Сайтга маълумотларни ўз вақтида ва ҳаққоний киритилишини таъминлаш мақсадида қолган идора ва ташкилотлар билан интеграциялаштириш жараёнлари олиб борилмоқда.

Тизимини қолган барча соҳаларда жорий этилишига эришсак жамият ривожи ва бошқарув самарадорлигини оширишда қўйилган энг муҳим ва катта қадам бўлади.

Рустам Қобилов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари.