Давлат органи ва бошқарув ташкилотлари раҳбарлари малака оширди

6-11 июнь кунлари Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятлари давлат органи ва ташкилотларидаги раҳбар кадрлар учун Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиалида ташкил этилди. 3 та ҳудуд раҳбарларининг малакаси оширилди.
Тегишли ҳужжатларга асосан давлат органлари ва ташкилотлари давлат фуқаролик хизматчиларининг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳар йили қисқа муддатли (30 — 60 соатли) малака ошириш курсларидан ўтишини ташкил этиш белгиланган.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамкорлигида Давлат хизматчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилган.
Ана шундай малака ошириш курслари жорий Навбатдаги ўқув курсларига жами 47 нафар ҳудудлардаги раҳбарлари жалб этилган бўлиб, жумладан, Самарқанд вилоятидан иқтисодий комплекс раҳбарлари - вилоят ҳокимлиги Молия Бош бошқармаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш Бош бошқармаси, Инвестиция ва ташқи савдо ҳамда вилоят бўйича Ғазначилик бошқармаларининг раҳбарлари, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилояти филиаллари ходимлари иштирок этишди.
Ушбу малака ошириш курслари 60 соатга мўлжалланган бўлиб, ҳудуд даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган раҳбарларнинг билим, малака ва кўникмасини ривожлантиришдан иборат.
Малака ошириш курси давомида тингловчиларга
2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти, Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги туб ўзгаришлар, Давлат хизматида Ҳалоллик стандартлари, Замонавий менежмент усуллари каби мавзуларда Давлат бошқарув академияси ва унинг ҳудудий филиали профессор-ўқитувчилари томонидан маърузалар ҳамда вебинарлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, тингловчиларнинг соҳа юзасидан амалий билимларини ривожлантириш мақсадида “Самарали мулоқот”, “Бошқарув кўникмалари”, “Тайм-менежмент”, “Жамоани шакллантириш” каби мавзуларда тренинг машғулотлари ҳам ўтказилди. Ушбу тренинг машғулотларининг ташкил этилиши илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш, тингловчиларнинг ҳам касбий, ҳам шахсий компетенцияларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Ташкил этилаётган малака ошириш курсларининг аҳамиятли жиҳатларидан бири бунда тингловчиларга ҳам назарий, ҳам амалий билимлар уйғунлашган ҳолда ўргатилиши, касбий компетенцияларини мустаҳкамланиши шунингдек, раҳбарларнинг бошқарув маҳорати ва кўникмаси ривожлантирилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, малака ошириш курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Давлат бошқаруви академиясига ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Малака ошириш курслари якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилиши белгиланган.
Р.Умарова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори.