Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат тилининг қўлланилишига қарама-қаршиликларга қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини қўллаш тавсия этилади

Реклама фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 1998 йилда қабул қилинган. Ўтган вақт давомида унга 14 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бундан ташқари, мазкур фаолиятни бевосита тартибга солувчи 6 та қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.

Қонуннинг “Рекламанинг тили”, деб номланувчи 5-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра, бошқа тилларда тарқатилади. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин”лиги белгиланган ва 13-моддасида “Рекламани нотўғри” деб топиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари (бундан буён матнда ваколатли давлат органи, деб юритилади) қабул қилади”, дея қайд этилган.

Жорий йилнинг 4 июлида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги 8-сессиясида “Самарқанд шаҳридаги жамоат жойлари, оммавий ахборот ҳамда реклама воситаларида ўзбек тили меъёр ва қоидаларига амал қилиш ҳолати тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Унда:

- корхона, муассаса ва ташкилотларга тегишли ташқи ёзув ва рекламалар Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлимининг тавсиясига асосан амалга ошириш;

- реклама матнини ўзбек тилида акс эттириш, зарур бўлганда, ўзбек тилидаги матн остига чет тилидаги матнини ёзиш;

- ташқи реклама фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларда фаолият юритувчи ходимларнинг имловий саводхонлигини ошириш ҳамда ишга қабул қилишда тегишли имтиҳондан ўтказишга эътибор қаратиш;

- давлат идораларида, хусусан, ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳодимларнинг ўзаро ўзбек тилида суҳбатлашиш ёки давлат тилининг қўлланилишига қарама-қаршиликларга қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини қўллаш тавсия этиш белгиланди.

Шунингдек, ташқи ёзувлар, реклама ва баннерлар тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхона ва ташкилот раҳбарлари зиммасига “Реклама тўғрисида”ги, “Давлат тили тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Болалар ва уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, ўзбек тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниши юзасидан назорат олиб бориш масъулияти юклатилди.

Айни вақтда Самарқанд шаҳар кўчаларидаги реклама ёзувлари қонунчиликка қанчалик жавоб бериши борасида мониторинг олиб борилмоқда ва рекламадан фойдаланувчиларга йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш борасида тегишли тушунчалар берилмоқда.

Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими.