Давлат хизматчиси танлов асосида ишга олиниши керак
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишга туширилган Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали - https://vacancy.argos.uz/ орқали республикамиз бўйича 17 315 нафар фуқаро очиқ мустақил танловлар асосида давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди. Самарқанд вилоятидаги давлат бошқарув органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари доирасида 5040 марта очиқ мустақил танловлар ташкил этилиб,
42 902 нафардан ортиқ талабгор номзодлардан аризалар келиб тушган.
Бу танловларнинг 4 311 таси бўйича жараёнлар тўлиқ якунланган ва 1887 нафар фуқаро танлов ғолиби бўлиб, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинган. Ўтган йилнинг бошида ягона очиқ порталига Самарқанд вилояти мисолида 5-10 та ташкилотлар уланган бўлса, жорий йилда 45 та давлат бошқарув органи ва ташкилотлар, 17 та маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда 1148 та умумтаълим мактаби уланган.
Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши қатъий белгиланди.
Ушбу нормани қўшимча янада мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йил 6 июлда Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга оширилиши қайд этилди.
Аммо давлат фуқаролик хизматига очиқ танловларсиз ишга қабул қилиш ёки амалдаги қонун-қоидаларни четлаб ўтиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Юқорида қайд этилган нормалар ижроси юзасидан жойларда ўтказилган мониторинг натижалари кўплаб давлат бошқарув органлари ва ташкилотлари томонидан давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танловларсиз ишга қабул қилиш ёки амалдаги тартибга риоя қилмаган ҳолда қонунбузилишларига йўл қўйилаётгани аниқланди.
Филиалимиз томонидан давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳолати, очиқ танлов ўтказиш тартибига риоя этиш ва бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан 2020 йилда 26 та, 2021 йилда 45 та ва 2022 йил 20 февраль кунига қадар 8 та ўрганиш ва мониторинг ўтказилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида 2020 йилда 14 та, 2021 йилда 17 та ва 2022 йил 20 февраль кунига қадар 8 та қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланди. Уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилиши натижасида 24 та буйруқ бекор қилинди.
Бундан ташқари, ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган қонунбузилишларга йўл қўйган айрим идора ва ташкилот раҳбарларига ҳамда мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилди.
Ш.Азимов,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори.