Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқда ибрат бўлиши давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилади

Вилоят ҳокими Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида қарор қабул қилди.

 Мазкур қарор билан вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, яъни давлат хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида, хизматдан ташқари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатлари, ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид одоб-ахлоқ қоидалари, давлат хизматчиларининг манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши назорати, жавобгарлиги масалалари белгиланган.

Бундан буён давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қонунийлик, Ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик, юкланган хизмат вазифаларини тўлиқ бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш каби принциплар асосида амалга ошириши шарт. Улар фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигини таъминлаб, давлат ва жамият манфаатларига содиқлигини намойиш этиши, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиши, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмасдан, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги аниқ нормалар билан белгилаб берилди.

Давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиши, мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиши, фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳисини уйғотиши талаб этилади.

Ушбу одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши ҳолати давлат хизматчиларини келгусида юқори лавозимларга тайинлаш ва раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

Давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик, жамоат жойларида ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан бошқа мансабдор шахслардан қимматбаҳо совға олмасликка мажбур.

Улар оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши керак. Аммо давлат хизматчиси матни ва мазмуни давлат сиёсати ёки давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор бўлмаса, ахборотлар давлат сирлари билан боғлиқ бўлса, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари нуфузини пасайтириш ёки уларнинг мансабдор шахсларини камситишга йўналтирилган бўлса, оммавий баёнот бериши мумкин эмас.

Давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниши ва кийиниш услуби фуқароларнинг вилоят ҳокимлиги фаолиятига ҳурматини, шу жумладан, давлат хизматининг нуфузини оширишга хизмат қилади.

Мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида давлат хизматчилари манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак. Шундай манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ходимлар ўзининг раҳбарини хабардор қилиши шарт. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўришга мажбур.

Давлат хизматчиларини хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ таҳдид, ҳақорат, туҳмат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш вилоят ҳокими ва тегишли ҳоким ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

Зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилиш, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга оғдиришга қаратилган мурожаатлар, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки содир этишга тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида хабар берган ходимларни вужудга келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.

Давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат вилоят ҳокимлигининг ташкилий-кадрлар гуруҳи ёки вилоят ҳокимлигининг Одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек, махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Ўз навбатида, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, вилоят ҳокимлигининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланди. Мазкур Низом асосида фаолият юритувчи комиссия давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш билан билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади.

Комиссия жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат хизматчиларининг хатти-ҳаракатларига доир мурожаатларини, давлат хизматчиларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ўрганади. Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди, таҳлиллар ва натижалар ҳақида давлат органи ва ташкилот раҳбарлари, жамоатчиликни хабардор қилади.

Давлат органлари ва ташкилотларнинг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари билан ҳамкорликда давлат хизматчиларида юксак касбий маданиятни, жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш, уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш - онгига ҳалолликни сингдириш, маърифат орқали коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиши мақсадида вилоят ҳокимлигида таниқли зиёлилар, ижодкорлар, маънавият ва маърифат соҳасининг кўзга кўринган намояндалари, ўз соҳасида юксак натижаларга эришган меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ташкил этади.

Давлат хизматчиларининг малакаси, иқтисодий билими, ҳуқуқий саводхонлиги, интеллектуал ва маънавий ривожланишини ошириш мақсадида ўқишлар ташкил этади. Уларнинг халқаро семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирларда иштироки учун шарт-шароит яратади.

Юқорида қайд этилган давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларга риоя этилишини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларнинг вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари аппарати ходимлари томонидан сўзсиз ижро этилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 21-22 сентябрь кунлари барча ҳокимликларда махсус ўқув соатлари ўтказилиб, давлат хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида, хизматдан ташқари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатлари, ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид одоб-ахлоқ қоидалари, давлат хизматчиларининг манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши назорати, жавобгарлиги масалалари батафсил тушунтириб берилди.

Шу билан бирга, ҳокимликлар масъул ходимларининг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб борилишини таъминлаш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Самарқанд филиали билан ҳамкорликда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари аппарати ходимларининг малакасини ошириб бориш учун малакали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар жалб қилинган ҳолда жорий йилнинг 20 октябридан 9 ноябригача ўқув-семинарлари ўтказиш режа-жадвали тасдиқланиб, ҳар бир ҳудудда бир кун давомида ўтказиб келинмоқда.

Ушбу тадбирларнинг тўлақонли амалга оширилиши давлат хизматчиларининг ўз вазифаларини виждонан бажариб, одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ амал қилиши давлатимизнинг барқарор тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга, фуқароларда давлат хизматчилари орқали давлатга ва эртанги кунга бўлган ишончни ошириб, давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилади.

 Беҳзод Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари.