Давлат хизматлари “маҳаллабай” усулда амалга оширилди

Пахтачи туманининг Гулистон маҳалласида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” доирасидаги сайёр қабул ана шу тарзда кечди. Унда нафақат шу маҳаллада яшовчи фуқаролар, балки Пай, Чоргўша, Жана, Қоратепа, Тадбиркор маҳаллалари фуқаролари ҳам иштирок этди.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Азизов ҳар бир фуқаро билан мулоқот қилиб, агентлик томонидан аҳолига тезкор, қулай ва шаффоф хизматлар кўрсатиш баробарида, соҳада яратилган қулайликлар ва янгиликлар билан таништирди. Уларнинг муаммоларига, фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутди.

Тадбир давомида фуқаролар томонидан 50 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Хусусан, Чоргўша маҳалласида истиқомат қилувчи Аширгул Хўжамуродова 12 ва 9 ёшли невараларига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олишда, Жана маҳалласида яшовчи 2003 йилда оила қурган Ўрол Алламуродов ва Муҳайё Тожиева бугунгача никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома билан яшаб келишаётганини таъкидлаб, гувоҳнома олишда ёрдам сўради. Уларнинг мурожаатлари шу ернинг ўзида кўриб чиқилиб, гувоҳномалар топширилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида келган Болтали маҳалласида яшовчи Яҳё Эргашев хусусий тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, унга юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилди.

Сайёр қабулда никоҳ билан боғлиқ 15 та, туғилганликни қайд этиш бўйича 12 та, фарзандларини мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш билан боғлиқ 8 та мурожаат шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.