Давр фидойилари: Кам сонли кардиожарроҳлардан бири
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази болалар кардиохирургияси бўлими мудири Нисо Турдиева умрини эзгуликка бағишлаган, меҳнати билан Ватан равнақига ҳисса қўшаётган матонат соҳибаларидан бири.
Кардиохирург Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги Бакулев номидаги кардиология тиббиёт марказида қарийб ўн йил фаолият юритган. 2019 йилдан буён Самарқандда.
Бир қарашда нима бўлибди, дейиш ҳам мумкин. Аввало, рақамларга эътибор қилинг, биргина 2022 йилда 600 га яқин болада юрак операцияси ўтказилган. Буни 4 га кўпайтирса, қанча бўлади, 5 баравари-чи?
Демак, юрагида нуқсони бор шунча болалар Нисо Турдиева ва унинг жамоаси кўмаги билан соғломлаштирилган.
Н.Турдиева 2003 йил Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ўқишга кириб, кейинчалик ўқишни Санкт-Петербург тиббиёт академиясига кўчирган. Бакалавр дипломини олгач, Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказига ўқишга бориб, 9 йил давомида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, номзодлик диссертациясини ёзган.
Н.Турдиева Ўзбекистонга қайтишининг ўзи ҳам алоҳида бир ҳикоя.
- Россияга кетишимдан олдин кардиожарроҳликни хорижда мукаммал ўрганиб, Ўзбекистонга қайтиш ва соҳани ривожлантириш мақсадим бўлган, - дейди у. - Кардиожарроҳлик марказида ишлаганимда, Ўзбекистондан келган беморларни кўп кўрардим. Бемор болаларнинг аҳволи оғир, моддий шароити эса ҳаминқадар. Уларни ўзимизда операция қилса бўладику, деб ўйлаганман. Қайтишимнинг сабабларидан бири шу...
Ишлаб юрганимда 2000 АҚШ доллари миқдорида ойлик олардим. Қайтишимни айтганда, Россиядаги ҳамкасбларим ҳайрон қолишган, албатта. Бошида ишлаб кета олармикинман, деб ўзимга ишонмаганман. Ҳозир эса бу йўлни танлаганимга ҳечам афсусланмайман.
Нисо Турдиева 2021 йилда II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланган.