Деҳқон ҳавонинг инжиқликларига қараб ўтирмайди

Бу йил об-ҳавонинг кескин ўзгариши, инжиқликлари барчамизни шошириб қўйди. Табиат кўклам либосини кийиб, дарахтлар уйғониб, айримлари ҳосилга кирганида қиш яна бир бор ортга назар ташлади. Борлиқ оппоқ қорга бурканди. Хўш, деҳқонларимиз бундай вазиятда қандай йўл тутаяпти? Бу каби табиат синовлари биринчи борми? Узоқ йиллар ер билан тиллашиб келаётган нарпайлик фермер Зайнаб Ҳайдарова асл деҳқон бу каби ҳолатларга доим тайёр туриши кераклигини айтди.

- Табиатнинг бу каби инжиқликларидан қўрқадиган деҳқон деҳқон эмас, - дейди Зайнаб опа. – Аллоҳнинг берган неъмати. Бу ҳам қир-адирларга, чорвага керак. Ҳозирги қор-ёмғирлар даштликлар учун неча йиллардан бери кутилаётган ҳолат. Аслида деҳқонларимиз табиатнинг синовларини муаммо дейиши ноўрин. Баъзан ёз иссиқ келади, баъзида эрта қиш келади... Бу каби  ҳолат 1987 ҳамда 1994 йилларда ҳам кузатилган. Ўшанда ҳам бундан ваҳима қилмай, ерга тўғри ишлов бериб юқори ҳосилдорликка эришганмиз. Эсимда, 1994 йилнинг 5 майида пахталар 4 қулоқ бўлган вақти совуқ тушиб, қор ёғди. Пахта қулоқларини совуқ ўрди. Қайта экиб чиқиш эса ҳосилнинг кечикишидан дарак. Шунда далаларни кезиб, пахталарни синчковлик билан кузатдим. Ҳали уларда жон бор экан. Кеча-кундуз пахта новдаларига ишлов бериб, керакли ўғитлар билан таъминлаб, шу йили ҳам ҳосилдорликда кутилган натижага эришганмиз.

Асли тиббиёт ҳамшираси бўлган Зайнаб опа Ҳайдарова 36 йилдан буён ерларни ўрганади, уларнинг ҳосилдорлигини оширишга интилади. Бир кун далаларни кезмаса, соғинчи ошади. Зайнаб опанинг айтишича, ҳар қандай ердан ҳам юқори ҳосилдорликка эришиш мумкин. Бунда фақат деҳқоннинг тадбиркорлиги, ерга нима кераклигини билиши, унинг мелиоратив ҳолатини яхши таҳлил қилиши жуда муҳим.

- Даштдан 100 гектар ташландиқ ерни олиб, фарзандларим билан ишлаб ернинг мелиоратив ҳолатини яхшиладим, - дейди Зайнаб Ҳайдарова. – Ернинг шўрлаган жойларига кесак, девор ташладим, қаттиқ ерларга нури солиб қайта-қайта ҳайдадим. Еримизнинг ҳар бир қаричи ҳолатини биламан. Ҳудди она фарзандининг нима ейиши-ю, нима ичишини билгандек. Бўз ерларни 6 марта суғорсам, бўз ўтлоқи ерларни уч марта, дарёга яқин ерларни бир маротаба суғораман. Тракторим бузилса, уни тузатмаганимча ҳаловатим бўлмайди. Чунки у билан кунига ерларни назорат қилиб тураман.

Бугунги синовли даврда халқимиз дастурхонига кўпроқ маҳсулот етиштириб беришда фермер ва деҳқонларимизнинг масъулияти икки баробар ошди.

- Кеча қор ёғди, бугун ёмғир деб қараб ўтириб бўлмайди, деҳқон учун ҳар бир дақиқа ғанимат бўлиши лозим, - дейди опа. – Карантин экан деб, далага нарса экмасак, халқимизнинг ризқи нима бўлади. Ҳавонинг очилиши билан қоидаларга риоя қилган ҳолда буғдойга ўғит беришни, далаларга пахта экишни бошлаймиз. Ўтган йил ғалладан 40-50 центнер ҳосил олган бўлсак, бу йил 60 центнерга кўпайтиришимиз лозим. Бу масъулиятни барчамиз бирдек ҳис қилиб турибмиз.

Туманнинг Манғит маҳалласи аҳли томорқасидан фойдаланишда Зайнаб опанинг маслаҳатларига таянади. Бир қарич ерни ҳам бўш қўймасликни фермер опадан ўрганишган. Ҳам рўзғорига, ҳам ҳамёнига фойда эканлигини бугун улар ҳам тушуниб етишган.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.