Депутатлар нега жим? Маҳалла оқсоқоллари-чи?
Яқинда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шаҳардаги ўндан ортиқ хонадонда ноқонуний равишда табиий газдан фойдаланилгани, хавфсизлик қоидаларга зид равишда газ тортиш насослари ўрнатилганини аниқлагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси эса вилоятдаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида 2019 йилда 24 миллион 101 минг 102 метр куб ҳажмдаги табиий газ лимитдан ортиқча олингани, 8 миллиард 651 миллион сўм миқдорида тўловлар кам ҳисоблангани ҳақида хабар тарқатди.
Хўш, шундан кейин нима бўлди? Тегишли идоралар ҳаракатга тушди. Қонунбузилишига йўл қўйган шахслар, билиб туриб қинғир ишга қўл урганларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди. Айрим ишлар бўйича ҳаракатлар давом этмоқда.
Бу яхши, албатта. Аммо қачонгача ҳар бир қонунбузилиш ҳолатини масъул идоралар аниқлаши, чора кўришини кутиб ўтирамиз? Қани сизу бизнинг фуқаролик позициямиз, жамиятдаги, ён-атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга муносабатимиз? Маҳаллада ким газни турли воситалар ёрдамида тортиб олаётгани ёки ўғринча фойдаланаётганини қўни-қўшни, маҳалла-кўй билмайдими? Нега, бу ҳақда тегишли идораларга хабар бермаймиз ёки шундай кимсаларни маҳаллада муҳокама қилмаймиз? Халқ вакили бўлган депутатлар-чи? Бу масалаларни кўтариб чиқиш учун уларнинг “қўли узун”, сўзи салмоқли эмасми?
Афсуски, юқоридаги ҳолатлар аён бўлганидан буён ҳам ўша ҳудудлар бўйича депутат ёки оқсоқолнинг бу масалаларга муносабат билдирганини, бонг урганини эшитмадик. Ахир жамиятдаги қонунбузилиш ҳолатларига қарши курашиш, тартиб-қоидаларга риоя этилишини таъминлашнинг энг самарали усули аввало, жамоатчилик назорати-ку! Бундан биринчи навбатда манфаатдор ҳам кенг жамоатчилик эмасми?