Детективлар қироличаси қисмати

Машҳур инглиз ёзувчиси, детектив жанри устаси, “Ўнта негр боласи”, “Пуаро” каби 85 та роман, 20 пьеса ва кўплаб ҳикоялар муаллифи Агата Кристининг китоблари уэнг ўқиладиган адабиётлар тарихида учинчи ўринни эгаллайди. Аммо адибанинг ҳаётида сирли воқеа бўлган.

1926 йил декабрида содир бўлган бу ҳодиса ҳозиргача кўпчилик тадқиқотчилар томонидан муҳокама қилиниб келади.

Гап шундаки, 1914 йил Англиянинг Торки шаҳарчасида Халқаро Қизил Хоч госпиталида ҳамшира бўлиб ишловчи Агата Миллер Қироллик учувчилар корпуси полковниги Арчибальд Кристига турмушга чиқади. Агата детективлар машҳур муаллифига айланиб боради, унинг қалам ҳақи тўхтовсиз ўса бошлайди. Бироқ эри Арчибальд Кристига дунёга танилиб бораётган рафиқаси Агатанинг соясида қолиб кетаётгани ёқмайди.

1926 йил 3 декабрда навбатдаги жанжалдан кейин Арчибальд ажрашмоқчи эканлиги ва гольф ўйинида доимо бирга бўладиган идора машинисткаси Ненси Нилга уйланмоқчи эканлигини айтади. Ўша йилларда ажрашиш иснод ҳисобланарди. 3 декабрь куни оқшом Агата ухлаб ётган қизалоғи Розалиндани ўпиб, ўз машинасида уйдан чиқиб кетади...

Эри полковник Кристи иккинчи куниёқ полицияга хабар қилади. Дунёга таниқли адибанинг йўқолиши озмунча шов-шувга сабаб бўлмайди. Уни қидиришга минглаб полициячилардан ташқари 15 минг кўнгиллилар ҳам иштирок этади. Тез орада Суррей графлигида Ньбюлндз - Корнер шаҳари яқинида Агатани машинаси топилади. Машина ичида ҳайдовчилик гувоҳномаси, шахсий буюмлари бор эди. Полиция Агата эри Кристи томонидан ўлдирилган, деган гумонга ҳам боради. Бошқа тахминлар ҳам кўпайиб кетади. Европа ва океан ортида Агата Кристининг ғойиб бўлиши турли хил муҳокамаларга сабаб бўлади. Нью-Йорк шаҳрида чоп этиладиган қатор газеталарнинг биринчи саҳифаси тўлиқ ушбу ҳодисага бағишланади.

Бироқ тез орада адибани дараги чиқади. Харрогейт шаҳрида Swan Hydro меҳмонхонасида ишловчи созанда 1926 йил 14 декабрь куни полицияга меҳмонхонада яшовчи бир аёл йўқолган детектив қироличасига жуда ўхшашлигини маълум қилади. Бу хабар дарҳол адибанинг эри Арчибальдга етказилади ва у меҳмонхонага етиб келади.

Аслзодалар қўним топадиган меҳмонхонага Агата Тереза Нил номи билан рўйхатдан ўтиб жойлашган экан. Учрашувда Агата эрини дарҳол таний олмайди, у хотирасини йўқотган ва бу ерга қандай қилиб келиб қолганини эслолмасди. Полициянинг аниқлашича, адиба уйдан бош олиб чиқиб кетганида Лондонга бормоқчи бўлган. Йўлда негадир у қарорини ўзгартириб машинасини ташлаб, темирйўл станциясига келади. Харрогейтга келиб меҳмонхонага жойлашади. Аммо буларни эслай олмайди. Врачлар адибани текшириб кўриб, ҳақиқатан хотираси йуқолганини тасдиқлашади.

Адиба кейинчалик бу ҳодисани эсга олмасликни маъқул кўради. Кўплаб мухлислари Агата ўзининг бу ҳаракати билан никоҳини сақлаб қолишга, Арчибальдни ажралиш аҳдидан қайтаришга уринган, деб ҳисоблашади. Аммо Агата Кристи бунинг уддасидан чиқа олмайди. 1928 йилда оила ажралади. Агата эрининг фамилиясида қолади ва ижодий фаолиятини давом эттиради.

Орадан икки йил ўтгач, Агата Ироққа саёҳати чоғида археолог Макс Маллаоуэн билан танишади ва қолган умрини унинг билан никоҳда - 1976 йилгача, ўлимига қадар ўтказади.

Эътиборлиси, Агата Кристининг китоблари миллионлаб нусхада қайта-қайта нашр этилиб, мухлислар қалбини забт этиб келмоқда.

Т.Шомуродов тайёрлади.