Дилшод ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғидан китоб сўради

Ҳа, шундай. Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов иштирокида бугун Пайариқда ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да туманнинг Янгиобод маҳалласида яшовчи Дилшод Акмирзаев маҳалла ёшлари учун бадиий китоблар сўради.

– Бугунги кунда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган китобхонлик танловларини кўриб, қани энди биз ҳам маҳалламиз билан шундай танловларда қатнашсак, деб орзу қиламиз, – деди Дилшод. – Лекин ҳамма тенгдошларимиз, маҳалладошларимиз китобхон эмас. Айримлар китоб тополмаслиги, бошқалар қизиқмаслиги мумкин. Агар маҳалламизга янги бадиий китоблар берилса, ундан каттаю кичикнинг фойдаланиши учун имконият яратилса, биз ҳам энг яхши китобхон танловларида муносиб қатнашамиз.

Китобсевар ёшнинг бу мурожаати бошқарма бошлиғини хурсанд қилди ва шу куннинг ўзида маҳаллага 500 дона бадиий китоблар етказилиши маълум қилинди.

Тоҳиршайх маҳалласидан келган Маҳлиё Ҳамидова эса айни пайтда вақтинча ишсизлиги, аммо тикувчилик қўлидан келишини айтиб, тикув машинаси олишда ёрдам сўради. Маҳлиёнинг мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Сабаби, учрашув ўтказиладиган жойда ёшларга ишлаб даромад топиши учун бериладиган маиший техника, уй-рўзғор буюмлари, қурилишда фойдаланиладиган ашёлар келтириб қўйилган эди. Тикув машиналаридан бири Маҳлиёга насиб этди.

Умуман, учрашув давомида тумандаги маҳаллаларда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган, турмуш шароитини яхшилаш истагида бўлган йигит-қизларга 10 та тикув машинаси, 6 та электр арра, 9 та электр пайвандлаш ускунаси топширилди.

Бошқарма бошлиғи учрашувга келган ҳар бир йигит-қизни тинглаб, уларни қийнаб келаётган муаммоларга вилоят ва туман даражасидаги масъуллар, тегишли идоралар билан биргаликда ечим топилди. Ёшлар шахсий муаммолари билан бирга ўзлари яшаб турган ҳудуддаги йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар юзасидан ҳам мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар берилди.

Учрашуда спортнинг Турон якка кураш тури бўйича Осиё кубогида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган пайариқлик 11 нафар спортчи ва уларнинг мураббийлари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, ёшларга китоблар совға қилинди.