«Динамо» муддатдан аввал Суперлигада
Вилоятимиз бош футбол жамоаси муддатдан аввал Суперлигага йўл олди. Клуб ахборот хизмати раҳбари Усмон Ибодов бу қандай рўй бергани ҳақида маълумот берди.
Про лига 20-турида «Динамо» жамоаси Самарқандда Тошкентнинг «Олимпик» жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этгач, 99 фоизга Суперлигага чиқиш вазифасини бажарган эди.
Сабаби, Ҳаким Фузайлов шогирдлари Про лига якунига 4 тур қолганида очколари сонини 34 тага етказиб, энг яқин таъқибчи – 3-ўриндаги «Нурафшон» билан орадаги фарқни 10 очкога етказганди.
21-тур доирасида эса «Нурафшон» бугун «Олимпик» меҳмони бўлиб 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраб, математик жиҳатдан ҳам Самарқанд клубига етиб ололмаслиги ойдинлашди.
Натижада, «Динамо» эртага, 14 октябрь куни Фарғонада турнир пешқадами «Нефтчи»га қарши ўйин олдидан Суперлига йўлланмасини нақд қилди.
14 октябрь, пайшанба куни Фарғонадаги «Нефтчи» - «Динамо» ўйинидан олдин Фарғона клубининг Суперлигага илк йўлланмани қўлга киритгани байрамона нишонланади. Шунга қарамай, «Динамо» жамоаси Суперлига масаласини ҳал қилган бўлса-да, сафарда Самарқанд шаъни учун майдонга тушишини ёддан чиқаргани йўқ.
Олдинда «Динамо» жамоасини «Нурафшон», «Олимпик» ва «Нефтчи»га қарши жавоб баҳслари кутиб туради. Мавсум якунида эса Суперлига йўлланмасини барча мухлислар билан байрамона тарзда нишонлаш режалаштирилган.