Доим тез ёрдам машинасида юрганлар, одамлар дардига малҳам бўлганлар бир муддат ташвишларни унутиб, Тошкентга саёҳат қилди

Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан самарқандлик тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари учун Тошкент шаҳрига ташкил этилган саёҳат ўзига хос бўлди.

Республика тез тиббий ёрдам маркази вилоят филиали Касаба уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган саёҳатда 52 нафар фидойи тиббиёт ходимлари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.

Улар қаҳрамонлар хотираси абадийлаштирилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф” давлат музейи, Миллий боғ, шунингдек, бошқа ўнлаб тарихий ва замонавий масканлар билан яқиндан танишишди.

- Бу ташриф нафақат сайр ва ҳордиқ чиқариш учун, балки фидокор шифокорларимизнинг меҳнатини қадрлаш, уларга руҳий ва маънавий кўмак бериш мақсадида ташкил этилди, - дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази вилоят филиали касаба уюшма қўмитаси раиси М. Ғаниев. – Давлатимизнинг соҳа ходимлари учун кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликнинг натижаси, шубҳасиз, уларни янада хизматига бўлган масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Тез тиббий ёрдам хизматининг оғир ва масъулиятли меҳнати ҳар қандай эътирофга лойиқ. Улар ҳар куни одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашадилар. Мазкур тадбир эса ана шундай меҳнат эгаларини қадрлашнинг ёрқин намунаси бўлди.

Д.ТЎХТАЕВ.