Довонда уч кишининг ҳаёти сақлаб қолинди
Жорий йилнинг 25 май куни тахминан соат 08:25 ларда «Қамчиқ» махсус ёнғин қидирув-қутқарув бошқармасига «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 268-километрида, «Тошкент-Водий» йўналишида ҳаракатланган «ҲОВО» русумли юк машинасининг йўл четида тўхтаб турган «Дамас» русумли автомашина орқа қисмидан келиб, тўқнашув содир этганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Тўқнашув туфайли «Дамас» автомашинаси ўзидан олдинда тўхтаб турган «МАН» русумли юк машинасига урилган.
ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, «Дамас» автомашинасининг ҳайдовчиси Ю.Н ҳамда ушбу автоуловдаги яна икки нафар фуқаро тан жароҳати олган.
ЙТҲда жабрланган фуқароларни ўз вақтида қутқариб қолиш учун бошқарма тезкор навбатчи гуруҳи воқеа жойига зудлик билан етиб борди ва қутқарувчилар томонидан уларга биринчи ҳамда психологик ёрдамлар кўрсатилиб, Поп тумани марказий шифохонасига етказилди.
Халоскорларнинг кескин вазиятда қабул қилган тўғри ва тезкор чоралари натижасида юзага келиши мумкин бўлган яна бир фожеанинг олди олинди.