Дунё доллар матрицасидан чиқмоқда
Бу жараёнда Россиянинг роли ниҳоятда муҳим, деди халқаро таҳлилчи Боян Чуков «Болгария радиоси»га берган интервьюсида.
"Дунё доллар матрицасидан чиқмоқда. Бу Россия томонидан иқтисодиёт ва молиявий сиёсатга ташланган термоядровий бомба", деди эксперт.
У Россиянинг Ҳиндистон ва Хитой билан миллий валюталарда савдо қилишга ўтганига эътибор қаратди. Чуковнинг сўзларига кўра, ушбу уч давлат аҳолисини ҳисобга олсак, бу дунёнинг ярми долларга қарамликдан чиқиб кетади, дегани.
“АҚШнинг қудрати - доллар дунёнинг захира валютаси эканлигига асосланади, яъни доллардан фойдаланиб, дунё АҚШга солиқ тўлайди”, дея қўшимча қилди у.
Чуков, шунингдек, Болгария ҳукуматини "кўплаб бошқа халқлар чиқиб кетмоқчи бўлган схемага киришга" интилаётгани учун танқид қилди.
Ғарб давлатлари Украинани демилитаризация ва денацификация бўйича махсус операция туфайли Россияга қарши санкциялар киритди. Улар асосан банк сектори ва юқори технологиялар соҳасига тегишли бўлди. Шунингдек, Россия энергия манбаларидан воз кечиш ҳақидаги мунтазам даъватлар ҳам бор. Бироқ технологик занжирлар узилиши Европа ва АҚШда иқтисодий муаммоларга, биринчи навбатда озиқ-овқат ва ёқилғи нархи ошишига олиб келди.
Кремль бу ҳаракатларни «бунақаси ҳали бўлмаган «иқтисодий уруш» деб атади ва бундай қадамларга тайёрлигини билдирди. Марказий банк валюта бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўрди; дўстона бўлмаган мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўловлар рублга ўтказилди. Бундан ташқари, ҳукумат юзга яқин ташаббусни ўз ичига олган санкцияларга қарши курашиш режасини тайёрлаган. Уни молиялаштириш миқдори тахминан 1 триллион рублни ташкил этади.