Дунё мамлакатларидаги ғалати ўйинлар

Спорт ҳақида гап кетганда хаёлимизга аввало футбол, волейбол, баскетбол, енгил атлетика, кураш каби турлар келади. Аммо дунёда бир қарашда кулгили, бекорчиликдан эрмакдай туюлган ғалати ўйинлар талайгина экан.
Улардан бири хивич, “отда” пойга. Кўпчилик буни яхши билади, чунки болалигида хивични от қилиб миниб ўйнаган. Буни қарангки, аслида бу қадимий ўйин экан. Қатнашчилар ёғоч калтак учига ясалган от калласини кийгизиб, минишади. Югуриб маррага биринчи келган “чавандоз" ғолиб чиқади. ХХ аср яримига келиб велосипед оммалашиб кетгач бу ўйин ўз мавқеини юқотди. Аммо унутилгани йўқ, “Хобби-Хорсинг” номи билан мусобақалар ўтказилмоқда. 2000 йилларда бу ўйин Финландияда соғломлаштириш оммавий спорт тури сифатида расмийлаштирилди ва у мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Яна бир кулгили ва завқли ўйин ошқовоқ регатаси деб аталади. Биласиз, регата у яхталар пойгаси ҳисобланади. Ошқовоқ пойгасида ўйинда қатнашчилар сувда олдидаги улкан ошқовоқларни қўлларидаги таёқ билан олға итариб мусобақалашади. Маррага биринчи бўлиб сузиб келган ўйинчи ғолиб деб топилади.
Ошқовоқ пойгасини ҳар йили август ойида учинчи шанба куни ўтказиш Австралияда анъанага айланган. Шундай мусобақа Янги Шотландияда Песаквид кўлида ҳам ҳар йили ўтказилади. Тасаввур қилинг, сувда сузиб, олдидаги ошқовоқларни олға суриб бораётганларни томоша қилиш қандай завқли.
Глостер шаҳри яқинидаги Купер тепалигида инглизларнинг пишлоқ пойгаси ҳам минглаб мухлисларга завқ бағишлашда ошқовоқ пойгасидан қолишмайди.
Мусобақада тепаликдан оғирлиги уч ярим кило келадиган юмалоқ пишлоқ пастга юмалатиб юборилади ва старт берилиши билан қатнашчилар пишлоқ ортидан югуришади. Тепаликдан пастга қараб югуриш хатарли бўлишига қарамай, пишлоқни тутиб маррага биринчи келган қатнашчи ғолиб бўлади. Маҳаллий ҳокимият бу қалтис ўйинни бир неча маротаба тақиқлашга уринди, бироқ бунинг иложи бўлмади, ахир юз минглаб одамларни бўш вақтларини пишлоқ пойгасини томоша қилиб завқ олишларидан тўхтатиб бўлармиди? Эндиликада мусобақа ўтказиладиган жойда “тез ёрдам” машиналари шай туради. Шифокорлар юз-кўзи тирналган, оёқ-қўли, қовурғаси лат еган пишлоқ қувувчиларга ёрдам кўрсатишади.
Ҳа, ҳаммасидан ҳам мана шуниси қизиқ. Томашабинлар тепаликдан юмалаб кетаётган пишлоқни тутаман деб ўзлари юмалаб кетадиган қатнашчиларни маза қилиб олқишлашади: кулгу, ҳайқириқ, шовқин-сурон… бундан ортиқ мароқ бўлиши мумкинми?
Т.Шомуродов тайёрлади.