Дунё математиклари эътироф этган олим

Шундай инсонлар бўладики, улар нафақат фарзандлар тарбияси, балки ўзининг ишига бўлган масъулияти, бошқаларга муносабати билан ҳам зиёли эканлигини намоён этади. Самарқанд давлат университети алгебра ва геометрия кафедраси профессори, физика-математика фанлари доктори Хайрулла Нарзуллаев ана шундай зиёли инсон эди.

Х.Нарзуллаев 1922 йил 29 декабрда Самарқанд шаҳри Қўшҳовуз маҳалласида дунёга келди. 1938 йилда Ўзбек давлат университетининг тайёрлов курсини битириб, шу йили университетнинг физика-математика факультетига ўқишга кирди. 

1945 йил ўқишни тугатиб, шу факультетда аспирантурада ўқишни давом эттирди. 1949 йил физика-математика фанлари номзоди даражаси учун диссертация ҳимоя қилди. У СамДУда ассистент, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири, декан ва профессор лавозимларида ишлади. 1994 йил физика-математика фанлари доктори даражасини ҳимоя қилди.  

Х.Нарзуллаев 1958 йил СамДУ физика-математика факультети, кейинроқ эса механика-математика факультети декани лавозимида 1974 йилгача самарали фаолият кўрсатди. Шу йиллар давомида факультетнинг илмий салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшди. Ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг илмий изланишларига раҳбарлик қилиш учун Россиядан етакчи математикларни таклиф қилди. Натижада ҳозирги кунда республикамиз миқёсида кўпчилик етакчи математиклар домлани фахр билан ўз устозлари деб билишади. 

     Хайрулла Нарзуллаевнинг сонлар геометриясининг актуал масалаларига бағишланган 100 га яқин илмий мақолалари Россия, Америка, Голландия, Германиянинг етакчи илмий журналларида чоп этилган. Сонлар назариясининг мураккаб муаммоларини ҳал қилишда яратган DOTU методи жаҳон математиклари томонидан тан олинганди. Бундан ташқари, 5 та ўқув ва бир қанча услубий қўлланмалар муаллифи ҳамдир. 

Хайрулла ака Самарқанд шаҳри, университет ва факультет жамоат ишларини ташкил қилишда етакчилик қилар эди. У икки марта халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашига депутат этиб сайланган, университет оқсоқоллар кенгаши аъзоси сифатида ёш авлодни муносиб тарбиялашда фидойиларча иш олиб борарди. Олим давлатимизнинг 8 та медали ва Олий Кенгаш президиумининг иккита фахрий ёрлиғи билан тақдирланган эди.

Хайрулла Нарзуллаевнинг турмуш ўртоғи Мунира ая ҳам умрини ўқитувчилик касбига бағишлаган. Устоз Мунира ая билан салкам 60 йиллик ҳаётлари давомида олти ўғилни вояга етказди. Улар бугун халқ хўжалигининг турли жабҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Х.Нарзуллаев қатъиятли, масъулиятли ва меҳнатсевар, фарзанлари ва ҳамкасбларига нисбатан талабчан ва ғамхўр инсон сифатида бошқаларга намуна бўлиб келди. 

Ҳайдар Рўзимуродов,

физика-математика фанлари номзоди, доцент.