Дунёдаги энг омадли инсон: Фране Селак 7 марта ўлимдан қутулди, 5 марта уйланди ва 1 миллион доллар ютиб олди
Албатта, ҳаётда омадли одамлар учраб туради. Лекин ҳар доим омадли бўлиш... Хорватиялик мусиқа ўқитувчиси Фране Селак (1929 йилда туғилган) ана шундай одамлардан бири. Уни дунёдаги энг омадли одам деб аташ мумкин.
Фране Селакнинг етти фалокати
1962 йил. Сараеводан Дубровник шаҳрига саёҳати чоғида у кетаётган поезд рельсдан чиқиб кетди ва музли сувли дарёга қулади. 17 киши ҳалокат қурбони бўлди, бироқ кучли совиб кетиш, зарба, кўкаришлар олган Фране синган қўли билан қирғоққа сузиб чиқишга муваффақ бўлди.
1963 йил. Загребдан Риджекага парвоз қилаётган "ДC-8" самолётининг эшиги тўсатдан очилиб, Фране самолётдан тушиб кетди. Бу ҳалокат 19 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Қўл оёқлари лат еган, кесилган жароҳатлар олган Фране эса пичанзорга муваффақиятли қўнди.
1967 йил. Сплит шаҳрига кетаётганида у минган автобус ағдарилиб, дарёга қулаб тушди. Натижада 4 киши ҳалок бўлди, Фране қирғоққа сузиб чиқиб жон сақлади.
1970 йил. Катта йўлда кетаётиб, унинг машинаси ёниб кетди. Фране машинадан тушиб бир неча қадам қўйишга улгурганди, машина бензин баки портлади. Айнан шу воқеадан кейин одамлар Селакни “Омадли” деб атай бошлади.
1973 йил. Фране Селак тўсатдан бошидаги деярли барча сочларсиз қолди. Машинасининг эскирган ёнилғи насоси бензинни тўғридан-тўғри қизиган двигателига сепиб, пуфлаб алангани ёндирди.
1995 йил. Яна бир автоҳалокат - Загребдаги кўчаларнинг бирида Франени автобус уриб кетди.
1996 йил. Тоғ йўлида машина ҳайдаб кетаётиб, у томон тезликда келаётган БМТ юк машинасини кўриб қолди. Қилган манёври натижасида унинг Skoda русумли автомобили йўл тўсиғига бориб урилди, тўсиқни ёриб ўтиб, жар ёқасига осилиб қолди. Сўнгги дақиқада хорват машинадан сакраб тушди ва қисқагина парвоздан сўнг дарахтга ёпишиб, илиниб олишга муваффақ бўлди, у ердан эса машинасининг тоғ дарасига қулаганини кузатди, машина 90 метрдан зиёд пастликка тушиб, портлаб кетди.
Фране Селак тўрт марта муваффақиятсиз уйланди. Лотереяда катта пул ютиб олганидан сўнг, у файласуфларча таъкидлади: "Менимча, менинг олдинги никоҳларим ҳам фалокат – ижтимоий фожиа бўлган бўлса, ажабмас". Кўринишидан, унинг лотерея ютуғидан кейинги бешинчи никоҳи муваффақиятли бўлиб чиқди.
2003 йил. Нафақага чиққач, у лотерея чиптасини сотиб олди ва 600 000 фунт-стерлинг (тахминан 1 миллион доллар) ютиб олди. Бу пулларга у ўзидан 20 ёш кичик қаллиғи билан бешинчи никоҳ тўйини нишонлади, қарзларини узди ва саёҳат қила бошлади.
Ушбу воқеадан сўнг Фране Селак бутун дунёга машҳур бўлди, уни реклама роликларига таклиф қилишди. У ҳақида дунёнинг турли мамлакатларида кўплаб кўрсатув ва ҳужжатли фильмлар ва ҳатто АҚШда мультфильм суратга олинган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.