Дунёдаги энг қиммат ҳайвонлар
Ҳеч бир тарихчи биринчи уй ҳайвонлари қачон пайдо бўлганлиги ҳақидаги саволга жавоб бера олмайди ва аксарият одамлар мушуклар ва итлар доим ҳам одамлар ёнида яшаб келганига амин. Агар қадимдан уй мушук ёки ит каби уй ҳайвонларининг тўғридан тўғри вазифаси сичқон овлаш ёки уйни қўриқлаш бўлган бўлса, бугунги кунда бу уй ҳайвонларига деярли бундай талаблар қўйилмайди.
Албатта, ҳар бир уй жонивор ишқибози ҳайвонларнинг қайси бири “обрўли” эканлиги билан қизиқади. Улар қанчалик қиммат? Уларнинг барчаси экзотикми ёки “нуфузли” ҳайвонлар орасида оддийлари ҳам борми?
Оқ арслон болалари – биттаси 138 000 доллар
Зоолог-олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ёввойи табиатда уч юзга яқин бундай ҳайвон бор. Улар Африканинг Тимбавати минтақасида яшайди. Лекин оқ шерни бу ерда охирги марта 1994 йилда кўришган. Бу эса уларни “шартли равишда қирилиб кетган” турларга киритиш мумкин, деган тахминни келтириб чиқаради.
Оқ шер асирликда ўзини жуда яхши ҳис қилади. Улар кўплаб цирк ва ҳайвонот боғларида бор. Арслон боласини 138 минг долларга сотиб олиш мумкин. Лекин ҳар қайси мамлакатда ҳам бундай ҳайвонларнинг уй шаротида сақлаш қонуний бўлмайди.
Тибет мастифи: 1 900 000 доллар
Ҳар бир сакбон Тибет мастифи жуда қиммат туришини билади. Лекин бу ҳайвонлар баҳоси қанчалик юқори бўлиши мумкинлигини ҳамма ҳам тушунмаса керак.
2014 йилда бу наслли кучук боласи хитойлик тадбиркорга 1 миллион 900 минг долларга сотилган. Албатта, Тибет билан чегарадош ҳудудларда бу итлар қадимдан ўз эгасининг бойлиги, қудрати ва маънавийлик рамзи бўлиб келган. Аммо Ўрта асрларда уларни кўпайтириш билан шуғулланган роҳиблар бу “авлод вакиллари” учун жуда кўп пул тўлашларини ўйлаб ҳам кўришмаган бўлса керак.
Какаду пальма тўтиқуши - биттасига 16 000 доллар
Битта тўтиқуш қанча туриши мумкин? Биз зоодўконлар қафасларидаги жингалак тўтиқушларнинг камтарона нархларини кўришга одатланиб қолганмиз. Тропик бойўғли ёки кўк Ара тўтиқушининг қиммат баҳоси кўпчиликни ҳайратда қолдиради. Бироқ, бу қушлар ҳеч қачон пальма тўтиқуши билан тенглаша олмайди.
Австралиялик қизил ёноқли, жиззаки, ҳурпайган пўпакчали кул-қора рангли тўтиқуш 16 минг долларга тушади. Африкалик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, пальма какадуси хушмуомала ва зеҳни ўткир бўлса-да, улар итоаткор табиати билан мақтана олишмайди.
Ботқоқ маймуни ёки капуцин – 10 000 доллар
Ботқоқ маймунлари уй ҳайвони сифатида Европа уйларида XIX асрда пайдо бўлган. Ўша пайтда ҳинд маймунлари асосан Британияда сақланган бўлса-да, инглиз ва француз зодагонлари бу мавжудотлар жозибасига қарши тура олишмади.
Ботқоқ маймунлари ҳақиқий шериклардир. Улар ўйноқи, юмшоқ ва хушфеъл хусусиятли, кўриниши эса жуда ажабланарли. Ягона камчилиги – улар асирликда узоқ яшамайди. Маймунларнинг ўртача нархи 10 минг долларни ташкил қилади. Бу ерда албатта, барча керакли ҳужжатларга эга қонуний равишда сотиладиган европаликларга таниш турлар ҳақида сўз боряпти.
Кийик-қўнғиз – 89 000 доллар
Ўзингизга қўнғиз сотиб олган бўлармидингиз? Ғалати туюлса-да, кўпгина одамлар бу қўнғизларни уй ҳайвонлари сифатида ўз уйларида юришини маъқул кўришади. Селекционерлар уларни етиштириш учун кўп ишларни амалга оширмоқда, натижада улар жуда муваффақиятли сотилади.
Ушбу уй ҳайвонларининг энг қиммати 2 дюйм (5,8 сантиметр) катталикдаги кийик-қўнғиздир. Бу қўнғизларнинг кимошди савдосидаги ўртача баҳоси 89 минг долларга етади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.