Дунёдаги энг йирик ва кичик илонлар
Ҳақиқатан ҳам кишига ғалати таассурот қолдирадиган “энг катта илонлар”нинг деярли барчаси Голливуд фильмларида “яшайди”. Бироқ реал ҳаётда ҳам баъзи илон турлари ақл бовар қилмайдиган даражада катта ёки жуда кичкина бўлиши мумкин.
Улардан энг узуни - питонлар 6,5 метрдан ошади, 10 метргача етган илонлар ҳақидаги тасдиқланманган далиллар мавжуд. Энг кичиги эса аранг 10 сантиметрга етади. 2017 йилда Индонезияда мева етиштирувчи фермернинг жасади 7 метр узунликдаги питон ичидан топилган. Қишлоқ аҳли фермернинг туфлиси топилган жой ёнида шишиб кетган “бесўнақай сирпанаётган” илонни кўриб хавотирга тушишади...
Қуйида ҳозирги кунгача қайд этилган энг катта ва энг кичик илонларни топасиз. Улар ҳақиқатан ҳам кишини ҳайратлантиради!
Тўрсимон питон
Ҳозирги кунда тирик энг узун илон Канзас Сити шаҳридаги кўнгилочар боғ яшовчиси Медуза исмли тўрсимон питондир. Медузанинг узунлиги 8,5 метр, оғирлиги эса тахминан 160 килограммни ташкил қилади. Унга тахминан икки ҳафтада бир марта озиқланиш учун унча катта бўлмаган кийик берилади. Питонлар ўз ўлжасини аввал тишлаб, кейин бутунлай ютиб юборади. 1912 йилда узунлиги 10 метрга етган рекордчи тўрсимон питон отиб ўлдирилганлиги ҳақида маълумот бор.
Анаконда
Бу ўзига хос бу илонларнинг узунлиги 9 метрга, оғирлиги 230 килограммгача етади. 2016 йилда Бразилияда ўн метрлик анаконда топилгани ҳақидаги хабар тарқалган. Анакондалар жанубий Америка дарёларида сузмаслик учун яхши сабабдир. Улар асосан шу ерларда яшайди. Ҳайбатли ўлчамлари туфайли қуруқликда тез кўзга ташланади, лекин сувда деярли кўринмайди; ўлжаларига етиб бўладиган даражагача ҳаракатсиз туради. Аксарият илонларда бўлгани каби, урғочи анакондалар эркакларидан каттароқ. Болалари она танаси ичида тухумдан чиқади, моҳиятан илон тирик насл туғади. Ҳомиладорликнинг етти ойи давомида овқатсиз қолган она тирик туғилмаган болаларини еб қўяди.
Titanoboa Cerrjoensis
Ҳозиргача маълум бўлган энг катта илон бундан 60 миллион йил олдин яшаган Титанобоадир. Колумбиядаги кўмир конларида узунлиги 13 метр, оғирлиги эса тахминан 1,1 тонна бўлган илоннинг тошга айланган қолдиқлари топилган. Олимларнинг фикрига кўра, титанобоа ўз даврининг ўта хавфли йиртқичи бўлган ва анаконда сингари кўп вақтини сувда ўтказган. Жағининг тузилиши ва кўплаб тишлари унинг балиқ тутгани, шунингдек, тимсоҳлар ва тошбақалар билан озиқланганини кўрсатади.
Сайёрадаги энг майда илон
2008 йилда Барбадос (Кариб денгизи) оролида америкалик биолог Блэр Ҳэж томонидан кашф этилган Барбадос тор оғизли илон (Tetracheilostoma carlae) сайёрадаги энг майда илон бўлиб, унинг узунлиги 10 сантиметрдан ошмайди. Бу илонлар жигарранг, ялтироқ, тананинг бутун узунлиги бўйлаб бир хил диаметрга эга ва ёмғир чувалчангини эслатади. Тороғиз илонлар тузилиши туфайли ўз номини олган – барча вазифаларни тишлар жойлашган пастки ҳаракатланувчи жағ бажаради. Юқори жағида эса тишлар умуман йўқ.
Бу илонлар иккиламчи ўрмонларда яшайди. Улар термитлар, чумолилар ва уларнинг тухумлари билан озиқланади ва ер ости, овлоқ жойларда вақт ўтказишни афзал кўради, ёмғир чувалчанги каби уя қазишади. Урғочиси кўпайиш пайтида битта катта тухум қўяди – туғилган илонболанинг узунлиги 5 сантиметрга етади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.