Дунёнинг энг қиммат хазиналари

 Дунёдаги энг қиммат хазиналар кўпинча кутилмаган жойлардан топилади ва ҳар бир топилма археолог ва коллекционерлар учун ўзига хос бойликка айланади. Ҳаваскор хазина қидирувчилар ҳам гоҳида катта бойликка дуч келишади. Бугунги ҳикоямиз ер юзидан топилган энг қиммат хазиналар ҳақида. Аммо бу ҳаммаси эмас, ер остида, сув тубида ўз кашфиётчисини кутиб ётган ноёб хазиналар ҳали мўлгина. 

Фиръавннинг олтин тобути

Қимматбаҳо топилмалар ва хазиналар қўлга киритилган энг машҳур ер бу албатта Миср. Фиръавнларнинг сеҳрли мамлакати инсоният тарихида чуқур из қолдиргани билан бирга ҳақиқий хазиналар макони ҳам ҳисобланади. Бу ердан топилган хазиналардан энг йириги – Тутанхамон дафн этилган ҳашаматли даҳма. 1922 йилда археолог Говард Картер Шоҳлар водийсидан ғаройиб бир сағанани топади. Бир неча бор талон-тарож қилинганига қарамасдан сағана қимматбаҳо буюмларга тўла эди. Даҳмада кўплаб маиший буюмлар, тақинчоқлар, фиръавнни сўнгги манзилга кузатишда қўлланилган артефактлар, жами 3 ярим мингга яқин буюм топилган. Ичма-ич жойланган учта саркофаг ичида фиръавннинг мўмиёланган жасади бор эди. Тилла буюмларнинг умумий оғирлиги 110 килограмм, фиръавннинг юзидаги ниқобнинг ўзи 10 килограмм олтиндан ясалган эди. Даҳмадан топилган бойликнинг баҳоси ўша давр пулида 40 миллион АҚШ доллари деб баҳоланган.

Биллур бош чаноқлари

Мексикадаги қадимий Монте-Альбан қишлоғида археологлар жуда яхши сақланган хазинани топишди. Қадимги цивилизацияга оид бу хазина Мексика ҳиндулари – сапотекларга тегишли бўлган. Топилган қабрларни ўрганаётган археологлар у ерда маъбуд Шипе Тотекнинг тилладан ясалган ниқоби, олтин, кумуш ва қаҳрабо, феруза, маржон, нефрит, марварид каби қимматбаҳо тошлардан ишланган минглаб заргарлик буюмларига дуч келишди. Топилган олтиннинг вазни 100 килограммга яқин. Бу ерда энг ҳайратланарли топилма тоғ биллуридан ясалган инсон бош суяклари эди. Хазинани олиб чиқиш учун бир ҳафта вақт керак бўлди. Ноёб топилмалар Оахакадаги ҳудудий музейда сақланмоқда.

Троя олтинлари

Яна бир бебаҳо хазина. Хазинани 1873 йилда немис савдогари ва тадқиқотчи Генрих Шлиман топган. Оддий савдогар бўлиб иш бошлаган бу инсон дала археологияси асосчиси ва Троя тадқиқотчиси бўлиб тарихда қолди. У Троя шоҳларининг хазинасини топишга муваффақ бўлди. Бу идишлар, мунчоқлар, тожлар, сирғалар, билакузук ва бошқа тилла, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан ишланган 8833 та буюмдан иборат бебаҳо хазина эди. Шлиман хазинани тортиб олишларидан қўрқиб, уни яширинча Афинадан олиб чиқиб кетади. Узоқ вақт Германияда сақланган хазина Иккинчи жаҳон урушидан сўнг совет аскарларига топширилади. Шундай қилиб, у Россияга келиб қолади ва узоқ вақт сир тутилади. 1992 йилдагина ҳукумат Троя хазинаси Москвада сақланаётганини эълон қилади.

Тилла тож

1985 йилда Польшанинг жануби-ғарбида жойлашган Сьрода шаҳарчасидаги эски уйни таъмирлаётган ишчи тахминан 3 мингга яқин кумуш танга кўмилган ҳандақни топиб олади. Кейинчалик, орадан уч йил ўтиб яна кумуш ва тилла тангалар топила бошлайди. Бу топилмалар маълум вақтгача яшириб келинган, катта қисми сотиб юборилган. Ишга археологлар жалб қилингач, эски бинолар ертўласидан экскаватор ёрдамида анчагина қадимий буюмларни ковлаб олишган. Топилган хазинанинг катта қисми олтин ва кумуш тангалар, тилладан ясалган келинлар тожи, тўғноғич, маржон каби заргарлик буюмларни ҳам бўлган. Айнан шу тилла тож тарихчиларга топилмаларнинг Люксембург Қироллик уйи император-қироли Карл 4-чига тегишли эканлигини аниқлашда ёрдам берган. Бу 20-чи асрнинг энг ноёб топилмаларидан бири 150 миллион долларга баҳоланди.

Сув тубидаги олтинлар

2007 йилда америка компанияларидан бири Нуэстра Сеньора де лас Мерседес испан кемасининг ҳалокат жойини топади. Олтин ортилган кема 1804 йилда Португалия қирғоқлари яқинида қимматли юки билан чўкиб кетган. Кемани сув тубидан олиб чиқиб, ундаги хазинани баҳолашганда, бу 500 миллион АҚШ долларига тенг эди. 2012 йилда суд қарорига кўра хазина Испания ҳукуматига топширилди. Кемани топган америкаликлар эса бир цент ҳам ололмади.

Бақтрия хазинаси

1978 йилда совет-афғон экспедицияси Афғонистондаги Тиллатепа ёдгорлигида кушон шоҳларининг қабрларини ўрганишади. Қазилма ишлари омадли якунланади. Археологлар Қадимги Бақтрия хазинасини топишган эди. Эрамизгача бўлган 1-чи асрга оид тилла буюмлар – заргарлик буюмлари, қурол-яроғлар, ҳайкалчалар, безак буюмлари, олтин камар, шоҳлар тожи, уларнинг ҳаммаси соф олтиндан ясалган эди. Топилманинг тарихий қиймати бебаҳо, молиявий томондан эса хазинани 100 миллион АҚШ долларига баҳолашди. Бу энг йирик ва қимматли хазиналардан бири ҳисобланади.

Колумбия хазинаси

Бундан 300 йил олдин Колумбия қирғоқларида испанларнинг Филипп Бешинчи галеони сув тубига ғарқ бўлади. Кема бортида умумий қиймати 1 миллиард долларга тенг бўлган тилла ва кумуш қуймалар, қимматбаҳо буюмлар бўлган. Хазина ҳақида 2015 йилда эълон қилишди. Кема Испанияга тегишли бўлишига қарамасдан, барча топилмалар Колумбияда қоладиган бўлди.

Уммон яширган олмослар

Америка компанияларидан бири Атлантика океани тубидан олмос, олтин ва платинадан иборат 3 миллиард долларлик хазинани қўлга киритди. Хазинани узоқ вақт қаттиқ сир тутишади. Бироқ 2009 йилда бу топилма ҳақида бутун дунё хабар топди. Шундан сўнг хазинага иккита давлат – Буюк Британия ва Россия даъвогар бўлиб чиқди.

Робинзон Крузо ороли

Тинч океанининг жануби-шарқий қисмида, Чили ғарбида жойлашган Робинзон Крузо ороли 1966 йилгача Мас-а-Тьерра деб аталган. Айнан шу оролда машҳур Робинзон Крузонинг прототипи – шотландиялик денгизчи Александр Селькирк қолиб кетган. Бу гал хазина изловчилар сабабли орол яна эътибор марказига тушди. Афсоналарда испан денгизчиси Хуан Эчеверрия ўз ўлжасини шу оролда яширгани айтиларди. Юзлаб йиллар мобайнида ҳеч ким бу хазинани топишга муваффақ бўлмаган эди. Аммо чилилик хазина изловчилар ва кичиккина робот афсонани ҳақиқатга айлантиришди. «Артурито» номли робот электрон датчиклари ёрдамида еростини 50 метр чуқурликда сканер қилади. Натижада 15 метр чуқурликда тилла тангалар, қимматбаҳо заргарлик буюмлари ва инкларнинг тилла ҳайкалчалари солинган 600 та бочка топилади. Хазина топилган вақтдаёқ 10 миллиард долларга баҳоланган эди.

Махарожа олтинлари

Ушбу хазина яқин тарихда, 2011 йилнинг июлида Ҳиндистоннинг Тривандрам шаҳридан, Падманабхасвами ибодатхонасида топилган ва инсоният тарихидаги энг қимматбаҳо хазиналардан ҳисобланади. Хазинанинг тахминий қиймати 22 миллиард АҚШ долларига баҳоланган. Бу кўпгина Европа давлатларининг йиллик бюджетидан ҳам ошиб кетади.

18-чи аср бошларида Тривандрам Траванкор князлигининг пойтахти бўлган. Варма сулоласидан бўлган махарожалар бошқарган князликда шундай анъана бор эди – махарожанинг меросхўри балоғат ёшига етганда ибодатхона хизматчилари унинг вазнини ўлчашар ва князлик оиласи вакиллари шаҳзода қанча тош босса, ибодатхонага шунча олтин ҳадя қилишлари керак бўлган. Тарихий архивларга кўра, бойликлар ибодатхона ертўласидаги олтита йирик хоналарда сақланган. Улардан иккитасида брахманлар урф-одатлари вақтида фойдаланиладиган тақинчоқлар сақланган, қолган хоналарда эса қимматли хазина яширилган. Шу вақтгача ибодатхона хазинасига ҳеч ким тегишга, ҳатто қизиқиб кўришга ҳам журъат қилмаган. 2011 йилда эса ҳинд адвокати Сундараражан ибодатхонадаги буюмларни ҳисобдан ўтказиш бўйича судга шикоят киритган.

Ҳақиқатан ҳам ибодатхона ертўласида олтита хона бор эди. Уларда бриллиантлар, ёқут, зумрад тошлари тўлдирилган халтачалар, уюм-уюм тилла узуклар, билакузуклар, маржонлар, қимматбаҳо тошлар билан безатилган 10 килограмлик тилла занжирлар топилди. Олимларни лол қолдиргани, Падманабхи маъбудининг соф олтиндан ясалган деярли одам бўйи ҳайкали бўлди. У ердан қимматбаҳо тошлар билан безалган олтин тахт, тилла тангалар тўлдирилган ўнлаб сандиқлар ҳам топилди. Уларнинг умумий оғирлиги 1 тоннага яқин эди. Қизиғи шундаки, ертўладаги энг катта, эшигига илонлар тасвири туширилган хона ёпиқлигича қолди.

Мухлиса Рустамова тайёрлади.