Дунёнинг нуфузли эллик олийгоҳи ҳамкоримиз

Улар ўзбек ёшларини малакали мутахассис қилиб тарбиялашимизга кўмаклашади.

1994 йилда иш бошлаган институтимизда ҳозирда таржимонлик, корейс, хитой, япон, араб, инглиз, француз, немис, испан ва итальян тиллари йўналиши бўйича республикамизнинг барча вилоятларидан талабалар таҳсил олмоқда.

Ўтган қисқа даврда муассасамизда таълим олиш учун энг юксак халқаро стандартларга мос моддий-техник база яратилди, кадрлар салоҳияти ва ижодий имкониятлари ошди. Бугун илмий-педагогик жамоамиз етук мутахассис кадрлар тайёрлаш йўлида баҳамжиҳат фаолият олиб бормоқда.

Хусусан, кейинги йилларда ижтимоий-маданий, маърифий, илм-фан соҳаларида яратилган шарт-шароитлар, илмий ҳамда педагогик фаолиятдаги ижодий эркинлик, яратувчанлик, халқаро ҳамкорлик борасидаги ислоҳотлар жамоамизнинг халқимиз, миллатимиз истиқболидаги самарали фаолиятига ўзига хос замин ҳозирлади. Бунинг самарасида инс-титут чет тилларини ўқитиш бўйича тажриба майдонига айланди, соҳада обрў-эътибор қозонди.

Айниқса, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир олий таълим муассасаси қа­бул квоталарини ўзининг им­кониятларидан келиб чиққан ҳолда белгилаши бевосита янги йўналишлар очиш, квоталарни кўпайтиришимиз учун қулайликлар яратди. Шу кунларда жамиятимиз учун зарур бўлган янги йўналишларни очиш бўйича ишлаяпмиз.

Ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этишга алоҳида аҳамият беряпмиз. Ҳар ўқув йилида дарс ва семинар-тренинглар ўтиш учун 50 нафарга яқин хорижлик профессор-ўқитувчиларни институтимизга таклиф этяпмиз. Бугун бир нафардан АҚШ, Индонезия, Италия ва арабистонлик, етти нафар хитойлик, икки нафар кореялик мутахассислар талабаларга дарс беряпти. Жумладан, АҚШ, Англия, Франция, Германия, Италия, Испания, Португалия, Россия, Украина, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия, Япония, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларнинг 50 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар билан таълим, илмий-тадқиқот ва маданий соҳаларда ҳам­корлик алоқаларини йўлга қўйганмиз.

Жамоамиз мунтазам равишда халқаро грантлар ва инновацион лойиҳаларда иштирок этмоқда. Мисол учун Шанхай хорижий тиллар университети билан имзолаган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ 2014 йилда олийгоҳимиз қошида Конфуций институти ташкил этилди.

Ҳозирда саккиз нафар хорижлик талаба институтимизда таҳсил олмоқда. Инс­титут базасида ҳар йили германиялик ҳамда кореялик талабалар учун ўзбек тили ва маданияти ўқув курслари ташкил этилаётир. Мазкур курсга жорий йилнинг май ойида АҚШнинг Индиана университетидан 20 нафар талабани таклиф қилишни режалаштирганмиз.

Шунингдек, қўшдипломлик тизимини, қўшма факультетларни жорий қилиш, инвестиция жалб қилган ҳолда халқаро лойиҳаларда иштирок этиш, профессор-ўқитувчиларни малака оширишга юбориш, битирувчиларимизнинг магистратура, PhD дастурларида ўқишини ташкил қилиш мақсадида Италиянинг Сиена халқаро университети, Германиянинг Ҳайделберг педагогика университети, Франциянинг Сержи-Понтуаз университети ва Версал академияси ҳамда Россиянинг бир қатор нуфузли олийгоҳлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Иқтисодиётнинг турли соҳалари ва тармоқларини чет тилларни кучли ўзлаштирган, рақобатбардош, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида АҚШдаги Вебстер университетининг "Инглиз тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитиш" йўналиши магистратурасини очиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур шартнома асосида 2019-2020 ўқув йилида республикамиз олий таълим муассасаларининг 60 нафар талабасини танлаб олиб ўқитиш, таълим жараёнларига америкалик ҳамда маҳаллий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ва битирувчиларга Вебстер университети дипломини бериш назарда тутилмоқда.

Ўз навбатида, бу халқаро ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш, қабул квоталарининг оширилиши институтимизнинг моддий-техник базасини кенгайтириш, жаҳон стандартлари даражасидаги шарт-шароит яратишни тақозо этмоқда. Шу сабаб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 апрелдаги фармойиши асосида Самарқанд иқтисодиёт коллежининг бино ва иншоотлари институтимиз балансига ўтказилди.

Бундан ташқари, бугун институтимизнинг инглиз тили факультети биноси, 450 ўринли ўқув биномиз реконс-трукция қилинмоқда. Инвес­тиция дастурига асосан инс­титут талабалар турар-жойи-да реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар бажарилгач, институтимиз талабалари замон талабларига жавоб берадиган ўқув хоналари, аудиторияларда таҳсил олиш, барча қулайликларга эга турар-жойларда истиқомат қилиш имкониятига эга бўлишади.

Илҳом ТЎХТАСИНОВ,

Самарқанд давлат

чет тиллар институти ректори.