ДХА: 6 ойда 5 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

Бу ҳақда ДХА Самарқанд вилоят бошқармасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Таъкидланишича, бошқарманинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан олиб борилган ўрганишлар, мониторинглар натижасида жорий йилнинг 6 ойи давомида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 5 099 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

- Шундан, 4 663 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган,  - дейди бўлим бошлиғи С.Давронов. - 29 ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 91 ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиб олинган, 203 ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган ва 113 ҳолатда бошқа қонунбузилишларига йўл қўйилган. Ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 27 та тақдимнома ва 315 та огоҳномалар киритилди. Шунингдек, 143 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, 82 нафарининг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди. 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. 

Буни соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп қонунбузилиш ҳоллари асосан Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан содир этилган бўлиб, 6 ой давомида 1 364 та мурожаатга бефарқлик билан қаралган. “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва унинг филиаллари 913 та, давлат солиқ идоралари 488 та, соғлиқни сақлаш муассасалари 497 та, қурилиш ва архитектура идоралари 258 та, “Ўзбекэнерго” АЖ 254 та, “Ўзтрансгаз” АК 244 та, туман (шаҳар) ҳокимликлари 133 та, ИИБ идоралари 78 та ҳамда Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармаси 67 та қонунбузилиш ҳолларига йўл қўйган.

Очиқ мулоқотда мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларига олиб келаётган омиллар муҳокама қилинди.