ДХХ катта миқдордаги хорижий валютанинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйди

ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё туманидаги “Сирдарё” чегара божхона постининг “Малик-авто” чегара назорат ўтиш пункти орқали Ўзбекистон Республикасидан Қозоғистон Республикаси томон ҳаракатланаётган, муқаддам судланган Қ.Абдурасулов бошқарувидаги “Mercedes benz” русумли автомашина божхона ходимлари кўригидан ўтиб, чегаранинг нейтрал ҳудудига етган вақтида тўхтатиб текширилди.

Автомобиль холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида хуфиёна усулда яширилган 1136000 АҚШ доллари, 77830 евро ва 21018670 Россия рубли борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинди, деб хабар берди ЎзА.

Мазкур хорижий валюталарнинг миллий валютадаги эквиваленти 14 миллиард 753 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Сирдарё вилояти тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур ишга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.