Дзюдо: ҳамюртларимиз «Катта дубулға» турнирида 2 та медални қўлга киритди
Венгрия пойтахти Будапештда дзюдо бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи яна бир мусобақа ўз поёнига етди.
Унда етти нафар спортчи билан қатнашган жамоамиз турнирни кумуш ва бронза медаллари билан якунлади.
-66 кг вазн тоифаси финалида иштирок этган Раҳимжон Субхонов ҳал қилувчи беллашувда япониялик Олимпиада чемпионига қарши муносиб курашди.
Гарчи беллашув кунчиқар юрт вакилининг ғалабаси билан хотима топган бўлса ҳам, ёш полвонимиз Хифуми Абега муносиб қаршилик кўрсата олди. Якунда Абе 2 вазари баҳоси билан ўзининг 3 йилдан бери узилмаётган мағлубиятсиз сериясини давом эттирадиган бўлди. Субхонов эса кумуш медаль билан тақдирланди.
Субхонов фаолиятида илк бор «Катта дубулға» турнирларида шоҳсупага кўтарилди. Бундан ташқари, у жаҳон рейтинги учун 700, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида 350 очкони қўлга киритди.
+100 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Шоҳрух Бахтиёров эса бронза медали учун беллашди.
Шунингдек, финляндиялик Марти Пумалайненга қарши татамига чиққан Бахтиёров ажойиб ҳаракатлари билан ғалабани ўз томонига оғдира олди ва бронза медалига эга чиқди. Ушбу натижа билан полвонимиз ўз ҳисобига жаҳон рейтинги учун 500, Париж-2024 йўлида 250 рейтинг очкосини ёзиб қўйди.
Шу тариқа, иккинчи таркиб билан ташриф буюрган терма жамоамиз ушбу мусобақани биттадан кумуш ва бронза медаллари билан якунлади.