Эфиопия шимолидаги оммавий қирғин оқибатида 500 нафарга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган
Эфиопия шимолининг Тиграй минтақасида маҳаллий аҳоли оммавий қирғин қилинди. Оқибатда бир неча ўндан, бир неча юзгача инсон ҳалок бўлди. Бу ҳақда 13 ноябрь куни Amnesty International ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти баёнот берди.
“9 ноябрга ўтар кечаси Эфиопиянинг Тиграй минтақаси жануби-ғарбида жойлашган Май-Кадра шаҳрида ўнлаб, эҳтимол юзлаб одамлар пичоқланган ёки чопиб ташланган”, дейилган баёнотда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти тақдим этган маълумотга кўра, кўплаб таналар шаҳар марказида, Эфиопия Тижорат банки биноси ёнида аниқланган. Шунингдек, қўшни Кумера шаҳрига олиб чиқувчи йўл бўйлаб ҳам ўлдирилганлар танаси аниқланган.
Оммавий қирғин учун жавобгарлар ҳали аниқланмаганлиги айтилмоқда. Бироқ гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар Тиграй озодлиги Халқ фронти (ТОХФ) аъзолари бўлишган. Бу ҳақда қирғиндан омон қолган уч нафар гувоҳ маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, оммавий қирғин оқибатида 500 нафарга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган.
9 ноябрь куни Reuters агентлиги ҳукумат қўшини ва ТОХФ ўртасида содир бўлган ҳарбий тўқнашув оқибатида 500 нафар ҳарбий ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар берган эди. Бироқ ушбу тўқнашувда фақат ҳарбийлар ҳалок бўлган.
Ҳукумат кучлари ва ТОХФ ўртасидаги вазият 3 ноябрь куни ўт очиш босқичига ўтди. 2019 йилда тинчлик учун Нобель мукофотини қўлга киритган Эфиопия бош вазири Абий Аҳмед Али ТОХФга қарши уруш эълон қилди. Шу билан бирга ТОХФ ҳарбий бирлашмаси кучлари ҳукумат кучларида сезиларли даражада юқори эканлиги таъкидланмоқда.