Эфиопияда БМТнинг камида тўққиз нафар ходими ҳибсга олинди
Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада БМТнинг камида тўққиз нафар ходими ва уларнинг оила аъзолари ҳибсга олинди, дея маълум қилди БМТ вакили ўринбосари Фарҳан Хак РИА Новости агентлигига.
"БМТ Хавфсизлик департаменти ва БМТнинг тегишли хавфсизлик ходимлари ҳибсга олинган ҳамкасбларини бориб кўрди. Шунингдек, ҳибсга олинган ходимларни зудлик билан озод қилиш талаби бўйича Ташқи ишлар вазирлигига оғзаки ноталар юборилди", - деди Хак.
Аввалроқ Эфиопия ОАВлари мамлакат парламенти қуйи палатаси аҳолини НФОТ (Тиграйни озод қилиш халқ фронти) исёнчиларидан ҳимоя қилиш учун бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режимини маъқуллагани ҳақида хабар берган эди.
Шимолий Эфиопия 2020 йил ноябридан бери можаролар марказида. Ўшанда мамлакат расмийлари Эфиопия сиёсий ҳаётида қарийб ўттиз йил давомида ҳукмронлик қилган Тиграйни озод қилиш халқ фронтини ҳарбий базага ҳужум қилишда айблаган ва қўшни Эритрея кўмагида Тиграйда операция бошлаган.
2021 йилнинг баҳорида Эфиопия ҳукумати Эритрея қўшинларини Тиграйдан олиб чиқаётганини эълон қилди. Июнь ойида Тиграйдаги исёнчилар минтақанинг маъмурий маркази Мэкэле шаҳрини эгаллаб олди ва Эфиопия ҳукумати сўзсиз ўт очишни тўхтатишни эълон қилди. Бироқ, кейинроқ исёнчилар янги ҳужум бошлашди ва Тиграйнинг бир қисмини назоратига олиб, Амхара ҳудудига бостириб киришди.