Эҳтиром бу йил бошқача
Бугун Самарқандда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар тугаганининг 30 йиллиги ва Ўзбекистон “VETERAN” жангчи фахрийлари ва ногиронлари Бирлашмасининг 25 йиллиги катта байрам қилинди.
Ҳар йили 15 февралда бу кун бутун Ўзбекистонда байрам қилинар, собиқ “афғон”лар йиғилишар, қуролдош дўстларини эслашар эди. Самарқандда ҳам бу нарса анъанага айланган, аммо, яшириб нима қилдик, бу байрамлар “VETERAN”нинг ва “афғонлар”нинг ўз ташаббуси, ҳомийлар кўмаги билан ташкиллаштирилар эди.
Бу йил ҳаммаси бошқача бўлди. Илк бор бу кунни нишонлаш ҳукумат даражасида ташкиллаштирилди.
Эрталаб театр майдонида йиғилган Афғон уруши қатнашчиларини автобусларда Мотамсаро Она ҳайкали ёнига олиб келишди. Ҳарбий оркестр ижро қилган марш садолари остида Самарқанд шаҳар ҳокимияти, Самарқанддаги ҳарбий қисмлар номидан Мотамсаро Она ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Шундан сўнг Афғон уруши қатнашчилари ҳам саф-саф бўлиб, Она ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан Афғон урушидан қайтмаган дўстлари ва жудолик мотамсаро қилган Она – Ўзбекистонга ҳурмат ва эҳтиромларини изҳор қилдилар.
Уруш қатнашчилирини Ҳарбийлар шаҳарчасига, Марказий ҳарбий округ қўмондонлигига олиб боришди. Собиқ жангчилар ўз издошлари бўлган бугунги Ватан ҳимоячиларининг фаолиятлари билан, уларнинг ётоқхоналари, ошхоналари, ўқув, машқ майдонлари билан танишдилар. Ўқув майдонида ташкил қилинган кўргазмага қўйилган қуролларни кўрганларида собиқ жангчилар ҳаяжонга тушиб қолишди: ахир икки йиллаб урушда кўтариб юрган қуроллари: Калашников автоматлари, снайпер милтиқлари, қўл пулемётлари, минамёт ва гратаномётлар ва турли бошқа қуроллар уларнинг хотираларини уйғотиб юборган эди-да.
Жангчилар ёш аскарларга саволлар бериб, уларнинг ғоявий билимларини синаб кўрган бўлсалар, автоматларни тез ечиб йиғишни талаб қилиб, жанговар тайёргарликларини ҳам синовдан ўтказишди. Собиқ жангчилар ўзларига қадрдон бўлган қуролларни кўтариб, суратларга ҳам тушдилар.
Шундан сўнг автобуслар Ҳазрати Хизр мажмуаси сари йўл олди. Уруш ветеранлари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Қуръон тиловатидан сўнг Афғон урушида шаҳид бўлган юрт ўғлонлари ҳақига ҳам дуолар қилинди.
Тадбирнинг тантанали тушлик ва концерт қисми “Садаф” базмгоҳида бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар уруш қурбонларини ёдлаб, тирик қайтганларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилашди. Вилоятнинг санъат усталари ва ҳаваскор ёшлар ижросидаги куй-қўшиқлар, айниқса, чиқишини Афғон қўшиқчиси Аҳмад Зоҳирнинг қўшиғи билан бошлаган Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Мардон Мавлоновнинг қўшиқлари барчага манзур бўлди.
Байрам Афғон уруши қатнашчиларига совға-саломлар улашиш, яхши тилаклар билан ниҳоясига етди.
– Бу йилги байрам бошқача бўлди, – деди биз билан суҳбатда Афғон уруши қатнашчиси, шаҳар касалхонаси врачи Ҳабибуллоҳ Муртазоев. – Аввало, ҳар йилгидан кўп, 300 дан ортиқ қуролдошларимиз байрамга таклиф қилинди. Қолаверса, ҳаммаси шаҳар ва вилоят ҳокимияти томонидан юқори савияда ташкил қилинди. Биз, Афғон уруши қатнашчиларига ҳар доимгидан ҳам катта эътибор қилиниб, юксак эҳтиром кўрсатилди.
Байрам тантаналари 2 февраль куни Тошкент шаҳрида давом этади. “Туркистон” концерт саройида Ўзбекистон ва Россия эстрада юлдузлари иштирокида катта байрам концерти уюштирилади. Тантаналарда Самарқанд “афғонлар”идан ҳам бир гуруҳи қатнашади.
Каримберди Тўрамурод.