Эҳтиёжманд қатлам доимо эътиборда

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Шодиёр Аҳмедов Булунғур ва Ургут туманлари сектор штабларида бўлиб, сектор аъзолари билан учрашди. Амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Булунғур туманидаги “Хуршид Сафаров даласи” фермер хўжалиги раҳбари 5 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаган.

Ургут туманидан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган “Smart hygiene facilities” МЧЖ раҳбари Жамол Ҳамидов томонидан тумандаги 4-сектор ҳудудида жойлашган Камардон маҳалласидаги эҳтиёжманд ва камбағаллар рўйхатида турган 5 нафар оила аъзолари, жумладан, Зайнура Мавлонова ва Мадина Мансурова доимий ишга қабул қилинди.

Вилоят 4-сектор раҳбари корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, иқтисодий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига ҳукуматимиз томонидан берилган енгилликлар ва солиқ имтиёзлари бўйича батафсил маълумот бериб ўтди.

– Коронавирус пандемияси даврида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган фармонлари мазмун-моҳияти хусусида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар вакилларига атрофлича тушунтирилмоқда, – дейди сектор раҳбари. – Айни мураккаб бир даврда тақдим этилган енгиллик ва имтиёзлар тадбиркорлар учун айни муддао бўлди. Зеро, бу иқтисодиёт тармоқларига пандемиянинг салбий таъсирини юмшатишга, хўжалик юритувчи субъектларининг барқарор фаолият юритишига замин яратади. Сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалар аъзолари бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳам доимий диққат-марказимизда. Ҳудудларга чиқиб, иш берувчиларнинг шароитлари билан танишяпмиз.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.