Эҳтиётсизлик аянчли якунланиши мумкин
Ўтган 2023 йил вилоятимизда 9 та ҳолатда ис газидан заҳарланиш, 12 та ҳолатда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши қайд этилган. Жорий йил эса ҳали иситиш мавсум бошланмай туриб, 4 та ис газидан заҳарланиш ва 7 та чақнаш ҳолати содир бўлди.
9 сентябрь куни Самарқанд шаҳри Беруний кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида юз берган портлаш ҳам шулар жумласидан. Кунлар совиса, бу рақамлар яна кўпаядими?
Вилоят матбуот уйида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Ахроров иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжумани шу масалага бағишланди.
Таъкидланганидек, бошқарма куз-қиш мавсумини талофатсиз ўтказиш бўйича чора-тадбирларни ёз ойида бошлаган. Хусусан, ҳафтанинг ҳар чоршанба ва шанба кунлари профилактик тадбирлар куни сифатида белгиланган. Ўтган вақтда тадбир доирасида 1255 та кўп қаватли уй ва улардаги 32 165 та хонадон назоратдан ўтказилган. 1049 та маҳалла, 72 мингдан ортиқ уй-жойда ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш ва текшириш давомида 4332 та камчилик аниқланиб, ҳозиргача шундан 3749 таси бартараф этилган.
Бундан ташқари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, давлат тасарруфидаги бошқа объектларда ҳам тегишли профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Жараёнда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиб келаётган 51 нафар жавобгар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
— Аммо шу билан ҳам мавсум вақтида кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмайди, дея кафолат бера олмаймиз, - дейди Умид Аҳроров. - Сабаби бунда кўп нарса фуқароларнинг ўзига боғлиқ. Тушунишимиз керак, бошқарма вилоятдаги ҳар бир хонадонни назорат қилиб тура олмайди. Шундай экан ҳар биримиз ўз хавфсизлигимиз учун курашишимиз, ҳеч бўлмаганда хавфсизлик талабларига масъулият билан ёндашишимиз керак. Қадимда ҳам ота-боболаримиз уйни совуқ кунларга тайёрлаш давомида печ ва дудбуронларни кўздан кечириб, тозалаган. Уларда ўтин ёқиб, ис гази қаерга кетаётганини текширган. Бугун эса кўпчилик оддий дудбуронини очиб қарамайди. Ҳолбуки, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг 90 фоизи айнан дудбуронларнинг тозаланмагани ёки беркилиб қолгани билан боғлиқ.
Тадбирда биноларни қуришда ёнғин хавфсизлиги талабларининг бажарилиши, назорат тадбирларини ўтказиш тартиби ва бошқа масалалар бўйича ҳам маълумот берилди.