Экилгани эмас, кўкаргани муҳим

Аслида инсон ҳам табиатнинг бир бўлаги. Асрлар давомидаги ривожланиш, фан-техника инқилоби, инсоният ва табиат ўртасида мувозанатнинг бузулиши сабабли экологик муаммолар глобал даражага етди.
Экилган дарахтлар ва ўрмонлар бутун борлиқни мусаффо ҳаво билан таъминловчи асосий манба, том маънода табиатнинг ўпкасидир.

Шу боис бугун она-табиатнинг яшил таянчи бўлган дарахтларни асраб-авайлаш, мухофаза қилиш, кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.

Айни пайтда давом этаётган лойиҳада ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаронинг ўз ўрни бўлиши керак. Бу орқали дарахт ва бута кўчатларини экиш, шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 2 ноябридан 10 декабрга қадар мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида юртимизда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланганди. Лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятида 16 миллион туп кўчат экиш режалаштирилиб, ҳозирда мазкур юмуш барча ҳудудларда уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Айниқса, бугун шаҳарларимизда қурилиш кўлами ҳар қачонгидан кенгайган, янги-янги кўп қаватли уйлар бунёд этилмоқда. Бу жараёнда ҳам янги объектлар атрофида яшил майдонлар барпо этиш, ҳар бир муассаса ҳовлиси, маҳалла марказлари, йўл ва дала четларида дарахтлар экиш лойиҳаларга киритилмоқда.

Шу пайтгача ҳам юртимизда дарахт экиш, боғ яратиш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Лекин эндиликда экиладиган ҳар бир ниҳол ва кўчатнинг суғориши тизими ва парвариши ҳам эътиборда бўлади. Бошқача айтганда, экилган ҳар бир кўчатнинг ҳисоби юритилади.

Бугун “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишга давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари билан бирга маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Биз келажак учун жавобгармиз!

Шавкат ЖАЛОЛОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.