Экологик тоза пойтахтлар. Улар бундай саранжомликка қандай қилиб эришди?

 

“Тозаланган эмас, чиқинди ташланмайдиган жой тоза”,  деб бежизга айтишмаса керак. Ушбу баёнотни тасдиқлаб, дунёнинг экологик тоза пойтахтлари рўйхатига аҳолисининг ўзи саранжомликка ҳиссасини қўшган ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш йўлларини излаётган шаҳарлар киради. Бугун бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси мутахассислари тақдим этган, экологик жамғармалар, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, миграция агентликлари ва ҳоказолар томонидан тузиладиган рейтингларда мунтазам равишда турган шаҳарлар билан танишамиз.

Канберра

Одатда биринчи ўринларни Скандинавия мамлакатлари эгаллаб келган, бироқ ўтган йилда чемпионликни Австралия пойтахти қўлга киритди. Бунинг сабаблари қуйидагича:

- бу ерда қайта тикланадиган энергетика ривожланган, энергиянинг салмоқли қисми шамол ва қуёш электр станцияларида ишлаб чиқарилади;

-  атмосферага чиқинди газлар миқдорини камайтириш учун аҳоли автомашиналардан камроқ фойдаланишга ҳаракат қилади – бунинг учун жамоат транспорти ва автомашиналарни тақсимлаш хизматлари яхши ташкил этилган;

- шаҳарнинг ҳавоси тоза ва дарахтлар кўп;

- расмийлар австралияликларни атроф-муҳитга ғамхўрлик қилишга ундайди ва бу сезиларли натижаларни бермоқда.

Копенгаген

Дания пойтахти биринчилардан бўлиб экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлади. 1971 йилда сайёрамиз тарихида биринчи марта мамлакатда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ташкил этилди. Янги вазирлик ифлосланишларга қарши курашиш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширди, аҳоли сув ва бошқа ресурсларни истеъмол қилишга масъулият билан қарай бошлади. Шу туфайли Шимолий ва Болтиқ денгизлари орасидаги Оресун бўғозининг қирғоқ сувлари сезиларли даражада тозаланди.

ХХ асрнинг ўрталарида оқава сувларини оқизиш балиқларнинг ўлимига олиб келарди. Бугунги кунда эса бу ерда тоза пляжлар ва сузиш жойлари мавжуд.

Вена

Австрия пойтахти мунтазам равишда дунёдаги энг тоза шаҳарлар қаторига киради. Вена ҳаво ифлосланишининг паст даражаси, яшил майдонларнинг юқори фоизи ва кўчаларни ортиқча юкламаслик учун шахсий автомобилларда ҳаракатланмасликка ҳаракат қилиб, жамоат транспортидан фойдаланадиган одамлар сони ва шаҳар аҳолисининг ободонлаштиришда фаол иштироки туфайли пойтахтлар ичида энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Кўчатларни уйларнинг олд томони ва томларида ҳам учратиш мумкин.

Расмийлар ва аҳолининг саъй-ҳаракатлари пойтахтни 2019 йилда яшаш учун энг қулай шаҳар деб эътироф этилишига олиб келди.

Стокгольм

Швеция пойтахти ахлат туфайли... “кўкарди”. XX аср охирида мамлакат полигонлардан воз кечиб, чиқиндиларни алоҳида йиғишга ўтди. Бу ерда деярли барча чиқинди энергия ишлаб чиқариш учун қайта ишланади. Пойтахт энергиянинг салмоқли қисмини чиқинди ёқишдан олади.

Аҳолига банан пўчоғи бир идишга, конфет ўрамлари эса бошқа идишга ташлаш кераклиги болаликдан ўргатилган. Улар боғларни ўғитлаш учун чиқиндилардан компост тайёрлашни билади, пластик ва шиша идишлар, кичик электроникаларни топширишдан тортинмайди. Шаҳар 2040 йилгача қазиб олинадиган ёқилғидан бутунлай воз кечишни режалаштирмоқда.

Рейкьявик

Исландия электр энергияси ишлаб чиқариш учун мамлакатдаги кўплаб геотермал манбалардан фойдаланади. Оролнинг ноёб табиат инъомлари ҳатто совуқ мавсумда ҳам пиёдалар йўлакларини иситиш имконини беради. Шу билан бирга, шаҳар аҳолиси учун коммунал тўловлар унчалик баланд эмас.

Исландияликларнинг ўзлари ҳам пойтахтларида экологик тозаликни сақлаб келишади. Улар кўчага чиқинди ташламайди, маиший чиқиндиларни саралайди, транспорт воситаларидан камроқ фойдаланишга ҳаракат қилади.


Веллингтон

Дунёдан ажралиб қолган орол мамлакат Янги Зеландиянинг ҳавоси тоза бўлиши учун табиатнинг ўзи ғамхўрлик қилган.

Ярим миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган пойтахт Веллингтон Янги Зеландиянинг энг зич жойлашган шаҳарлардан биридир. У ерда энергиядан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар йиғилиши ва утилизацияси назорати, яшил майдонларни асраш дастурлари ишлаб чиқилган. Аҳолиси дастурларда фаол иштирок этиши натижасида шаҳар мунтазам равишда Ер юзидаги энг тоза жойлардан бири сифатида тан олиниб келинмоқда.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.