Экологияга оид қонунчилик бугунги кун талабига жавоб берадими?

Мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, аҳоли ҳаёт фаровонлиги ҳамда саломатлиги, шунингдек, миллий хавфсизлик, табиий экотизимлар ва атроф-муҳитнинг муносиб сифатини сақлаб туриш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уни қайта тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бозор иқтисодиёти муносабатлари шароитида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлашуви натижасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқишга қулай имкониятлар яратилди.

Шу билан бирга миллий экологик қонунчиликни ривожлантириш билан бир қаторда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги халқаро ва давлатлараро шартномалар, битимларга қўшилиш, уларни имзолаш борасида тизимли ҳамда изчил ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиб, бу йўналишда бир неча муҳим конвенция ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилди ва уларни ратификация қилингани фикримиз тасдиғидир.

Шунингдек, экологик тараққиётнинг халқаро, минтақавий муаммоларини ҳал этиш учун барқарор ривожланиш Концепцияси ва Миллий Стратегияси, “XXI аср кун тартиби”, атроф-муҳитни, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, чўлланишга қарши кураш, озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш, чиқиндиларни бошқариш Миллий ҳаракат режалари, парник газлари эмиссиясини камайтириш Миллий Стратегияси қабул қилинди.

Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазасини янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Халқаро ҳуқуқий тажриба, замонавий фан, техника ва технологиялар ютуқлари асосида экологик қонунчиликни такомиллаштириш Ўзбекистон экологик хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда экологик муаммолар ечимини топиш жараёнида жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизда ҳозирги ва келажак авлоднинг мусаффо табиий муҳитга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш ва унга сўзсиз риоя этиш, аҳоли саломатлиги, табиат муҳофазасини янада яхшилаш, унинг ресурсларидан оқилона фойдаланишга йўналтирилган ислоҳотларни чуқурлаштиришга жамиятнинг барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга интилмоқда.

Атроф-муҳитга муносабатнинг янги тизими ва ҳаёт тарзини изчил шакллантириб бориш экологик барқарор атроф-муҳит ҳолати ва экологик хавфсизликни таъминлаш кафолати бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон Экологик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракцияси депутатларининг дастурий вазифалари билан ҳамоҳангдир. Албатта, Экологик партиядан сайланган 15 нафар депутат фаолияти ҳам ана шу мақсадларга эришишга қаратилган. Ўзбекистон Экологик партияси депутатлари қуйи палатадаги барча қўмиталар таркибидан ўрин олиб, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширмоқда.

Қайд этиш жоизки, ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, аҳолисининг ҳаёти ва саломатлик даражаси, шунингдек, миллий экологик хавфсизлиги кўп жиҳатдан табиий тизимларни барқарорлаштириш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга боғлиқ. Соҳада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, бу жараёнда кенг жамоатчиликнинг ҳам иштирок этиши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда иқтисодиётни таркибий қайта ўзгартириш ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник янгилаш ва модернизация қилиш, экологик вазиятни соғломлаштириш, мақбул атроф-муҳитни сақлаш ва яхшилаш учун ички ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш бўйича изчил амалга оширилаётган сиёсатнинг давом эттирилиши барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг миллий устуворлигидир.

Шу маънода, Экологик партия томонидан бугунги кунда қонунчилик ташаббускорлиги асосида Ўзбекистон Республикасининг “Экологик кодекси”ни ишлаб чиқиш, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги, “Экологик аудит тўғрисида”ги қонунларини қабул қилиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Зеро, фуқароларимизнинг ҳозирги ва келгуси авлоди қулай табиий муҳит шароитида яшаш ҳуқуқларини, аҳоли саломатлигини яхшилаш, табиий ресурсларнинг барча мажмуини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни сўзсиз таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларни яратишда бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишнинг фурсати етди.

Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон нафақат ўз халқининг, балки келажак авлодларнинг ҳам соғлом атроф-муҳитда, аслидек асралган табиат билан уйғунликда яшаш ҳуқуқини кафолатлаш билан бирга, инсониятнинг ҳам табиат олдида муқаддас бурчи борлиги англаб етилган оқилона, узоқни кўзловчи сиёсат йўлига қадам қўйганлигини англатади.

Шуҳрат АБДУХАЛИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.