Электр таъминоти: бир суткада 4000 дан зиёд мурожаат ва қўшимча “ташланган” авария гуруҳлари

Вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маълумотига кўра, Самарқанд шаҳрининг ўзида бир кеча-кундузда аҳолидан 4000 дан зиёд турли мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 80 фоизи жойида ҳал этилган бўлса, қолгани вақт талаб этиладиган мурожаатлардир.

Аномал совуқ даврида энг кўп юклама, бошқача айтганда синов тушган тармоқ, шубҳасиз, электр таъминоти тизими бўлса керак. Биргина Самарқанд шаҳрида 10 январдан ҳозиргача 39 та трансформатор ишдан чиққани маълум қилинди. Улардан 37 таси авария гуруҳлари томонидан таъмирлаб берилган бўлса, иккитаси қисқа туташув натижасида яроқсиз ҳолга келиб қолган ва алмаштирилган.

Вилоят электр тармоқлари мутасаддиларининг тан олишича, ҳозирги катта босим даврида туманларда кўпроқ чекловлар қўлланилмоқда. Шунинг ҳисобидан туманларда трансформаторлар ишдан чиқиш ҳолатлари камроқ кузатилмоқда. Табиийки, шаҳарда ҳам, туманларда ҳам энг кўп авариялар иситилмайдиган, табиий газ босими паст ёки умуман йўқ ҳудудларда кузатилмоқда.

Вилоят ЭТК таркибида 24 та авария гуруҳи бўлса, ҳозирда аномал совуқ даврида яна қўшимча гуруҳлар ва махсус техникалар шакллантирилгани айтилмоқда. Шунингдек, трансформатор пунктларида носозликлар кузатилса, уларни ўрнига ўрнатиш учун қўшимча трансформаторлар захираси ҳам шакллантирилган.

Нима бўлганда ҳам бу йил электр таъминоти соҳасида осон бўлмаяпти: Аҳоли учун ҳам, тармоқ учун ҳам. Ўйлаймизки, қаттиқ совуқ ортидан келган муаммолар, улар келтириб чиқарган камчиликлар бундан буёғига қишга тайёргарлик масаласида хулоса чиқариш учун етарли бўлди.