Электрон ҳисобварақ-фактура хуфиёна иқтисодиётга тўсиқ бўладими?

Ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда иқтисодиётни рақамлаштириш устувор аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ушбу жараёнда тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) тизимининг амалиётга жорий этилгани ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Хўш, тадбиркорлик субъектларига ушбу тизим маъқул келяптими, унинг қулайлик ва афзалликлари нималардан иборат?

– Электрон ҳисобварақ-фактура тизими биз учун жуда манзур бўлди, – дейди Самарқанд шаҳридаги “AvtoZAZ” масъулияти чекланган жамияти бош бухгалтери Эльвира Назарова. – Масалан, анъанавий ҳисобварақ-фактура қоғозда тайёрланиб, уни манзилига етказиш учун транспорт харажати ва вақт талаб қилинар эди. ЭҲФ эса бу каби оворагарчиликларга чек қўйди. Энг муҳими, у қулай ва содда юритилади, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш билан боғлиқ хатоларнинг олдини олади. Шунингдек, ЭҲФнинг ҳамкорларга тезкор ва кафолатли етказиб берилиши ҳам эътиборга моликдир.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд вилояти бўйича жами 30784 та корхонанинг ЭҲФ тизимига ўтиши назарда тутилган. Бугунги кунга келиб 17000 та субъект ушбу тизимдан фойдаланиб келмоқда. Шундан, 7050 таси қўшилган қиймат солиғи тўловчиларидир.

Мухтасар айтганда, ЭҲФ тизими орқали ноинсоф солиқ тўловчиларни аниқлаш имконияти мавжуд. Хусусан, мазкур тизим реал вақт режимида қай турдаги маҳсулотлар сотилгани ёхуд сотиб олинганига доир маълумотни давлат солиқ хизмати органларига кўриш имконини беради. Бу эса, пировардида хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишга хизмат қилади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ
бошқармаси матбуот хизмати.