Энди чет эл фуқаролари тегишли равишда кўчмас мулк сотиб олса, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи берилади
Президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда ҳуқуқий ахборот канали.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, 111 та мамлакат фуқароларига қуйидаги миқдорда кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи берилди:
- Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида – 400 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
- Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида – 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида – 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда.
Эндиликда гидлар (экскурсия етакчилари), кузатиб борувчи-йўриқчиларнинг хизматлари олий ёки ўрта махсус касб-ҳунар таълим тўғрисидаги дипломи ёки гидлар йўналиши бўйича қайта тайёрлаш тўғрисидаги гувоҳномаси бўлган шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Илгари мазкур фаолият фақат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бериладиган малака сертификатини олган шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин эди.