Энди сартарошнинг ҳам, чорвадорнинг ҳам фаолияти қонуний

Актам дастлаб фарзандларининг, кейинчалик қўни-қўшниларнинг сочини олиб, сартарошлик қилиб юрди. Қўли анча ўргангач, қишлоқдошлари соч олдириш учун эшик қоқиб кела бошлади. Сартарошлик учун барча зарур ускуналарни харид қилди. Кейин давлат рўйхатидан ўтиб фаолият юритмоқчи бўлди. Аммо тўлайдиган солиқни эшитиб фикридан қайтди. Ахир, қишлоқда одамлар ҳар куни соч олдиравермайди-да. Демак, ойма-ой солиқ тўлаб боришга имконияти йўқ.

Ҳафсаласи пир бўлиб турганда телевизорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлигини кўриб қолди. Эътибор билан тинглади: айнан унга фойдали, хурсанд бўлиб, ҳужжат қилиш учун ишга киришди...

Дарҳақиқат, Иштихон туманида худди Актамдек фаолиятини қонунийлаштиришга қийналиб юрганларга ушбу қарор жуда қўл келди. Ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатга олиш режасига кўра, йил якунига қадар туман бўйича 2248 нафар кишини рўйхатга олиш кўзда тутилган. 31 июль ҳолатига туманда 2089 нафар киши ўзини ўзи банд қилди. Бевосита йўналишлар кесимида тўхталадиган бўлсак, ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар 445 нафар, саноат йўналиши бўйича 370 нафар, қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича 486 нафар, ахборот комуникация йўналиши бўйича 13 нафар, маиший хизматлар 524 нафар, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш 177 нафарни ташкил қилмоқда.

- Уйимда қорамол ва қўй боқаман, – дейди Қорақўйли маҳалласида истиқомат қилувчи Олим Тўйчиев. – Қишлоғимизда кўпчиликнинг тирикчилиги шунинг ортидан. Тўғри, ўзига яраша машаққатли меҳнатга яраша даромад бор. Аммо кексайганимизда нафақа олиш муаммосини кўп ўйлардим. Бахтимга Президентимизнинг ушбу қарори чиқди. Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари қарорнинг мазмун-моҳияти билан таништиришди. “Soliq” мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтдим. Баралла айта оламан, энди бизнинг ҳам фаолиятимиз қонуний ва кексайганда нафақа оламан.

Таъкидлаш лозимки, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 23 тадан 67 тага кенгайтирилди. Рўйхатдан ўтказиш учун тўлов йўқ. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг ярмини – 111,5 минг сўм тўлаб, йил охиригача пенсия стажига эга бўлади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.