Энди телефон орқали автобусингиз қачон келишини билиб оласиз
Вилоят транспорт бошқармасида ташкил этилган пресс-турда Самарқанд шаҳри жамоат транспортида хизмат сифатини оширишга қаратилган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.
Энди Самарқанд шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари 2GIS.uz АТТО мобиль иловаси орқали ўзларига керакли автобусларни ҳаракатини кузатиш мумкин бўлади.
- Агар қўл телефонингизга янги яратилган “2GIS.uz” АТТО мобиль иловасини ўрнатиб олсангиз, бекатларда автобус кутиш учун вақт йўқотмайсиз, - дейди “Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасаси бошлиғи Азиз Исломов. – Чунки у орқали маълум бир йўналишда қайси автобус келаётган бўлса, олдиндан хабар топиб, керакли вақтда бекатга чиқасиз, холос. АТТО МЧЖ томонидан яратилган мазкур мобиль илова жамоат транспортида ҳаракатланувчи йўловчилар учун жуда қулай.
Журналистлар тадбир давомида шаҳар ҳудудида электробуслар учун қурилаётган янги автосарой қурилиши ҳамда “Самарқанд Ҳамкор транс” МЧЖ иш фаолияти билан танишди.
“Самарқанд йўловчи транс” давлат корхонаси томонидан Гагарин кўчасида жойлашган собиқ 2531-автокорхона ўрнида электробуслар учун янги корхона қурилиши ишлари бошланди. Европа тараққиёт ва тикланиш банкининг 49 миллион доллар ҳисобидан сотиб олинган 100 та электробусни сақлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш мақсадида бунёд этилаётган мазкур автосаройда 50 та қувватлаш ускуналари ўрнатилади.
- Қарийб 4 гектар жойда эгаллаган янги автосаройда қувватлаш, техник созлаш ҳамда ювиш каби қатор цехлар иш бошлайди, - дейди корхона бош муҳандиси Абдукарим Самадов. – Корхона фаолиятини бошлагач, 250 нафар тажрибали ҳайдовчи ва 100 нафар сервис хизмат кўрсатувчи ходимлар ишга қабул қилинади. Ҳайдовчиларнинг малакаси Хитойнинг “YUTONG” компанияси вакиллари томонидан имтиҳон орқали аниқланади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.