Энерготаъминотдаги табақаланишнинг аҳолига фойдали томони борми?
Бугун республикамизда ўртача электр энергияси сарфлаган хонадон ривожланган мамлакатлар билан таққосланса, бизда истеъмол уларга нисбатан анча камлиги аён бўлади. Лекин беҳуда сарф миқдори кўп. Айнан табақалаштирилган тарифлар беҳуда сарфни камайтиради. Камроқ тўлашни хоҳлаганлар тежай бошлайди. Ортиқча сарф қилинса, шунча кўп пул тўланади.
Ушбу фикрлар мутахассиснинг, аниқроғи, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича директори О.Тўхтаевнинг гапи. У айни пайтда юртимизда энергия таъминоти борасида амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз хулосалари билан ўртоқлашди.
О.Тўхтаевга кўра, мамлакатимизда уч йилдан буён энергия тарифларининг ўзгаришсиз қолаётганлиги, энергия ишлаб чиқарувчилар учун капитал харажатларнинг етарли эмаслиги асосий воситаларнинг эскиришини кучайтириб, корхоналарнинг молиявий аҳволини сустлаштириб юборганлиги сир эмас. Бироқ ўтган давр мобайнида энергия тарифлари ўзгармаганлиги аҳоли маблағларини иқтисод қилишига ёрдам берди.
Жумладан, 1 Квт/соат электр энергияси нархи 2014 йилда – 131,4 сўмни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда – 155 сўмга, 2016 йилда -182 сўмга ошган. Кейинги йилда 204,3 сўмга кўтарилган бўлса, 2018 йилда - 228,6 сўм қилиб белгиланган. Ниҳоят, 2019 йилда эса 295 сўмга ошган ҳолатда сўнгги уч йил давомида ўзгармади.
Вилоят бўйича мавжуд 110/35/10/0,6/0,4 кВт кучланишли трансформаторларнинг 50 фоизи техник норма бўйича юкланиш даражаси 80 фоиздан ортмаслиги зарур бўлса-да, уларнинг юкланганлик даражаси нормадан анча юқори. Бу ҳолат аҳолини ва янги ишга тушириладиган инвестиция лойиҳаларини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаб беролмаслик ҳамда электр таъминотида авариялар сони ошиши хавфини келтириб чиқармоқда.
Янги қувватларни ишга тушириш ва самарадорликни ошириш учун биринчи навбатда юқори малакали кадрлар ва эркин пул маблағлари талаб этилади. Бунга энергия ресурслари нархларини сақлаб туриш билан эришиб бўлмайди.
Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий харажатлар миқдори билан амалдаги сотиш тарифлари ўртасида анча тафовут бор. Масалан, аҳоли хонадонлари учун бугунги кундаги мавжуд тариф 1 киловатт соат электр энергияси учун 295 сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариш ва ташиш харажатларининг барчаси қўшилса, харажатларимиз ўрта ҳисобда 400 сўмдан ошади. Яъни, ҳозирда аҳоли хонадонлари учун сотилаётган электр энергияси “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Миллий электр тармоқлари” ва станциялар учун фойда эмас, балки зарар келтирадиган бизнес тоифасига айланган.
Трансформация жараёнлари, яъни давлат компаниясидан ҳақиқий бизнес компанияларига ўтиш даври бошлаб юборилган. Бир қанча станцияларимизнинг аксарияти ташқи манбалардан кредитларни жалб қилиш ҳисобига янгиланган. Мана шу кредитларнинг асосий қисмини қайтаришнинг вақти етиб келди. Бугунги кунда барча кредитларни қайтариш нуқтаи назаридан келиб, чиқиб ҳисоб-китоб қилинса, бу рақам 400 сўмдан ҳам ошиб кетади.
Хўш, энергия бозорида нархларни либераллаштириш ва табақалашган тарифларни жорий этиш аҳолига нима беради?
Биринчидан, пул маблағлари пайдо бўлиши билан аҳоли яшаш пунктларида мавжуд бўлган эски ёрдамчи станциялар ва трансформаторни янгилаш, уларга тушаётган ортиқча оғирликни камайтириш ва натижада авариялар сонини қисқартириш имконияти юзага келади.
Иккинчидан, электр энергиясининг чекка аҳоли пунктларига (қишлоқларга) узлуксиз етказиб берилиши агросаноат инфратузилмасини яхшилайди ва натижада доимий янги иш ўринларининг яратилишига туртки беради.
Учинчидан, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун энергия ресурлари бозорининг жозибадорлиги ортади. Пировардида, тўғридан-тўғри инвестициялар оқимининг ортиши ва янгидан-янги қувватларнинг ишга тушиши учун йўл очилади.
Таклиф этилаётган чора-тадбирлар аҳоли томонидан энергия самарадор қурилмаларидан фойдаланишга ўтишга ҳамда энергия ресурсларининг тежамкорлик билан ишлатилишига туртки беради.