Энг катта ва энг кекса: Тимсоҳ бир вақтнинг ўзида иккита рекорд ўрнатди

Австралия қирғоқлари яқинидаги Яшил оролда тирик афсона Кассиус лақабли тароқсимон тимсоҳ яшайди. Унинг узунлиги 5 метрдан ошади, ёши эса олимларнинг фикрига кўра, 120 га етган.
Бу гигант нафақат бугун яшаётган одамларнинг кўпчилигидан каттароқ, балки асирликдаги турларнинг энг катта вакили сифатида расман тан олинган.
Кассиус 1984 йилда Австралиянинг шимолий ҳудудидаги Финнис дарёсида ушланган. Маҳаллий фермерлар судралиб юрувчини чорва моллари учун таҳдид деб ҳисоблашди, шу сабабли уни мутахассислар қўлга олишга қарор қилишди.
Олимлар ҳудуд учун узоқ давом этган жанглар излари - думи ва тумшуғининг бир қисми шикастланган тимсоҳни қандай топиб олганини ҳанузгача эслайди.
Кассиус ҳозир 40 йил олдин олиб келинган Маринеланд паркида яшайди. Ташриф буюрувчилар гигантнинг бассейнда бемалол сузишини ёки қуёшда тобланиб ўтиришини томоша қилишлари мумкин.
Қари бўлишига қарамай, у фаол ва жуда қизиқувчан. Парк ходимлари тимсоҳ ҳеч қачон “мулоқот қилиш” имкониятидан бош тортмайди, деб ҳазиллашади - агар бирор нарса унинг эътиборини тортса, у шиддат билан оғзини ёпади.
- У неча ёшда эканлигини унутиб қўйганга ўхшайди, - дейди оиласи билан бирга Кассиусга ғамхўрлик қилиб келадиган Тьюди Скотт. - Одатда қариб қолган судралиб юрувчилар бўшашиб, суст бўлиб қолади, лекин у ҳар доим ҳушёр. Унинг нигоҳларида ҳамон кучни кўриш мумкин.
Кассиуснинг рационига у иштаҳа билан ейдиган товуқ гўшти ва тунец балиғи киради.
Қаровчиларнинг таъкидлашича, овқат ҳақида гап кетганда Кассиус ўзини намоён қилади - у овқат беришларини кутиб ўтирмасдан, ўзи овқатланишни афзал кўради.
Олимлар унинг узоқ умр кўриш феноменини ўрганишда давом этмоқда. Кассиус жаҳон урушлари, атроф-муҳит ўзгаришларидан сўнг ҳам омон қолди, ўнлаб қариндошларидан зиёд умр кўриб, ўз турининг кучли ва чидамлилик рамзи бўлиб қолмоқда.
Гигантнинг чандиқлари ва думининг бир қисми йўқ бўлишига қарамай, йиллар давомида олинган фотосуратлар Кассиус кучнинг таъсирчан тимсоли бўлиб қолишини кўрсатиб туради. Унинг ҳаёти, ҳатто асирлик шароитида ҳам табиатни ҳайратда қолдиришининг ноёб намунаси бўлиб қолмоқда.
Қизиқ, сайёрамизнинг қадимги аҳолиси яна қанча сирларни ўзида сақлар экан?
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.