Ер аҳолисининг ярми 2025 йилни 1 январда кутиб олмади
Ҳиндистон (Ведик тақвим)
Ҳиндистоннинг кўплаб минтақаларида аҳоли йилларни Викрам Самват тақвимида ҳисоблашади. У ерда ҳозир 2081 йил. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг бошқа қисмларида Шака тақвимидан фойдаланилади, бу тақвимга кўра, одамлар ҳозир 1946 йилни кутиб олишди.
Хитой
Чин мамлакатининг ой-қуёш тақвимига кўра, янги йил январь ойининг охирида ёки февралда бошланади. Хитой солномасига кўра, ҳозир у ерда 4722 йил.
Эфиопия
Эфиопия тақвими Григориан тақвимдан тахминан 7-8 йил орқада юради. 13 ойдан иборат ушбу календарда 30 кундан иборат ўн икки ой ва 5 ёки 6 кунлик ўн учинчи ой мавжуд. Шу сабабли ҳозир эфиопияликлар 2017 йилда яшаб келмоқда.
Таиланд
Таиландга 2568 йил кириб келди. Таиланднинг будда тақвими бўйича йиллар Будданинг хотиржамликка ўтиши (милоддан аввалги 543 йил)дан бошлаб ҳисоблаб келинади.
Исроил
Яҳудий календаридан фойдаланиб келадиган Исроилда ҳозир 5785 йил. Хронология дунё яратилишининг тахминий санасига асосланган.
Эрон, Афғонистон
Тақвим пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.внинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган санасидан бошлаб ҳисобланади. Янги йилнинг бошланиши баҳорги тенгкунлик куни 21 мартга тўғри келади. Ҳозир бу мамлакатларда 1403 йил.
Ислом давлатлари
Ислом тақвимидан фойдаланадиган мамлакатларда ҳозир 1446 йил. Солномалар Муҳаммад пайғамбаримизнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган пайтидан бошлаб ҳисобланиб келинади. Эрон ва Афғонистондан фарқли ўлароқ, улар Қуёш эмас, балки Ой тақвимидан фойдаланадилар, унга кўра бир йилда 354 ёки 355 кун бор. Ушбу календарь Жазоир, Миср, Ироқ, Иордания, Ливия, Мавритания, Марокаш, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Сомали, Тунис, БАА ва Яманда қўлланилади.
Япония
Японияда Григориан календаридан фойдаланилади, шунингдек, мамлакатда императорлар даврларига асосланган хронология тизими ҳам амал қилади. Японлар ҳозир 2019 йилда император Нарухито тахтга ўтирганидан бошланган Рейва даврининг 6-йилида яшаб келмоқда.
КХДР
Йиллар ҳисоби мамлакатнинг узоқ йиллик коммунистик етакчиси Ким Ир Сеннинг туғилган кунидан, яъни 1912 йилнинг 15 апрелидан бошлаб ҳисоблаб келинади. Шундай қилиб, Шимолий Кореяда ҳозирги кунда 113 йил.
Мьянма
Бирма тақвимидан фойдаланиб келадиган Мьянмада ҳозир 1384 йил.
Бангладеш
Бенгал тақвимига кўра давлатда ҳозир 1430 йил. Бангладешда йиллар, ойлар ва кунлар ушбу календарь бўйича ҳисобланади.
Непал
Непал махсус қадимий ҳинд анъаналарига асосланган Викрам Самват ой тақвими бўйича яшайди. Бу мамлакат шу кунларда 2081 йилни кутиб олди.
***
Дунёда икки ва уч календардан фойдаланиб келадиган ва Янги йилни икки, ҳатто уч (масалан, Таиланд) марта нишонлайдиган бошқа мамлакатлар ҳам бор.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.