Ер атрофини айланиб чиқиш учун қанча вақт керак?
Жисмоний жиҳатдан соғлом, қийинчиликлардан қўрқмайдиган ва ҳаётининг бир неча йилини саёҳатга сарфлашга тайёр турган ҳар қандай одам Еримизни экватор бўйлаб айланиб ўтишга ҳаракат қилиши мумкин. Ҳисоблаб чиқилган масофа ёки экватор доирасининг узунлиги 40 минг километрни ташкил қилади. Агар сиз ўртача соатига 5 километр тезликда юрсангиз, назарий жиҳатдан саёҳатингиз 1000 кун, ёки 2 йилу, 9 ой давом этади.
Амалда эса бироз мураккаброқ. Англиялик Роберт Гарсайд бутун дунёни югуриб ўтган биринчи одам бўлди. У беш йилу саккиз ой давомида 48 минг километр масофани босиб (югуриб) ўтиб, йўлда бўлди. Маршрутнинг сув қисмларини у кемалар ёки самолётларда кесиб ўтди. Британиялик ўтиб бўлмас ўрмонлардан ўтди, йўлида дуч келган тоғлар ва чўлларни забт этиб, 5 қитъа, 30 та давлатни босиб ўтиб, 1997 йил 20 октябрда саёҳатга чиққан бошланғич нуқтаси - Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрига 2003 йилнинг 13 июнида етиб келди. Саёҳати давомида югурувчи 50 жуфт кроссовкани кийиб йиртди!