Эр-хотин ажрашганда фарзанд кимда қолиши лозим?
Агар оила эркакнинг хатоси билан бузиладиган бўлса, эр 5 ёшли фарзандини онасига бермай, ўз қарамоғида олиб қолиши мумкинми? Фарзанд отаники деган қоида борми?
Эр-хотин ажрашганда бола учун она ҳақли бўлади.
Бир аёл: "Ё Расулаллоҳ, бу менинг ўғлим. Унга қорним идиш, бағрим ичига олувчи ва кўкрагим суғорувчи бўлди. Отаси бўлса уни мендан тортиб олмоқчи", деди.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом қуйидагича жавоб қилдилар: "Унга сен ҳақлисан, модомики турмушга чиқмас экансан". Чунки она болага меҳрибон ва парваришлашга қодирроқдир. Шунинг учун болани онасига бериш манфаатлироқдир. Шунга ишора қилиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: "Сен берадиган эй Умар шаҳд (мумкатак асали) ва асалдан, онасининг сўлаги яхшироқдир", деганлар. Нафақа эса отага вожиб, онани нафақа қилишга мажбурланмайди.
Агар боланинг онаси бўлмаса, унга онасининг онаси отасининг онасидан кўра ҳақлироқдир. Агар онасининг онаси бўлмаса, отанинг онаси онанинг опа-сингилларидан кўра ҳақлироқ ва ҳоказо.
Агар хотин бошқа турмушга чиқиб кетса, болага ҳақдорлиги соқит бўлади. Аммо у эрдан ажрашиб яна ёлғиз қолса, боласига бўлган ҳақдорлик тикланади.
Онанинг ўғил болага ҳақдорлиги то у ўзи еб-ичадиган, кийим киядиган ва ҳожатга бора оладиган бўлгунча давом этади. Имом Хассоф буни 7 ёш деб белгилаганлар. Чунки у бунгача онанинг қарашига ва ундан кейин эркакча хулқ ва одобларни ўрганиши учун отанинг тарбиясига муҳтож бўлади. Шунинг учун ўзини эплай оладиган етти ёшдан бошлаб ўғил бола ота қарамоғига ўтади.
Қиз бола эса балоғатга етгунча онаси ҳақли бўлади. Чунки қиз бола аёллар одоб ва ҳунарларини ўрганиши керакки, бундай тарбияни беришга она қодир бўлади. Балоғатга етгандан кейин эса қиз бола муҳофаза ва ҳимояга муҳтож бўлади. Бунда эркакларнинг ўрни билинади ва қиз балоғатга етгандан кейин отанинг қарамоғига ўтади.