“Ер юзининг сайқали” кўргазмаси тарих ихлосмандлари учун очиқ
Самарқандга бежиз ер юзининг сайқали, дея таъриф берилмаган. Негаки, бу замин инсоният цивилизациясида муҳим рол ўйнаган, тарих саҳифаларида номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган ва ўчмас из қолдирган. Бу қадим шаҳар илм-фан, маданият ва санъат бешиги, улуғворлик, тараққиёт ва юксалиш тимсоли.
“Самарқанд” давлат музей-қўриқхонасида “Ер юзининг сайқали” номли кўргазманинг очилишида сўз олганлар буни алоҳида таъкидлади.
- Зарафшон воҳаси ҳудудидан топилган тарихий ашёлар, ноёб топилмалар ана шу буюк тарихдан дарак бериб турибди, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори Хўжақул Муҳаммадиев. - Бугун соҳага эътибор ошди. Нуфузли халқаро кўргазмаларда иштирок этяпмиз, ривожланган мамлакатлар билан музейшуносликдаги ҳамкорлик кучайди. Бу юртимиз, хусусан, Самарқанд тарихини жаҳон халқларига танитишда муҳим ўринга эга.
Кўргазманинг очилиш тадбирида музей ходимлари, мутахассислар, олимлар, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мазкур кўргазма ўзбек халқи ва давлатчилик тарихи, биринчи ва иккинчи ренессанс даври, буюк алломалар ҳаёти ва фаолияти, унда Самарқанднинг юксак сиёсий ва маданий ўрни ва аҳамиятига қаратилган.
- Бундан ташқари, кўргазмада Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаб ижод қилган буюк мутафаккирлар, алломаларнинг дунё илм-фанига қўшган ҳиссасини ёритиш, уларнинг асарларини, сиймоларини археологик, этнографик, тасвирий санъат асарларлари ва манбалари ёрдамида таништириб бориш кўзда тутилган, - дейди музей бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. - Кўргазма даврий тартибда ташкил қилинган бўлиб, унда бронза ва илк темир даврида Самарқанд тарихидаги сиёсий, маданий жараёнлар, Самарқанднинг Буюк ипак йўлидаги мавқейи, савдо йўлларида сўғд тилининг аҳамияти, ўрта асрларда сопол, тошлар, метал ва шишадан ишлаб чиқарилган нодир буюмларнинг намуналари ўрин олган. Шунингдек, 9-12 асрлардаги биринчи ренессансда Самарқандда тараққий этган илм-фан ва маданиятнинг Мовароуннаҳр ривожига таъсири ҳамда Самарқанд тарихини ўрганиш билан боғлиқ археологик ва этнографик экспедицияларда топилган ашёлар тарих ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Кўргазмада Соҳибқирон Амир Темурнинг Самарқандни илм-фан ва маданият марказига айлантириши, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг фаровонлиги йўлида қўшган улкан ҳиссаси музей ашёлари, миниатюралар ва тасвирий санъат асарларида намойиш этилмоқда. Шунингдек, унда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи каби алломаларнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ва маданий мероси ҳам ўрин олган.
Кўргазма жорий йилнинг октябр ойига қадар давом этади.
Сулаймон Мардиев,
Бахтиёр Мустанов (сурат).