Эркинжон Турдимов: Азиз аёлларимизни ҳимоя қилиш учун, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш учун шундай таклиф билдирдим
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов журналист ва блогерлар иштирокида навбатдаги матбуот анжуманини ўтказди.
Бу галги тадбирда нафақат вилоятдаги, балки пойтахт ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.
Э.Турдимов айни пайтда вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берганидан сўнг, матбуот анжуманида асосан вилоят ҳокимининг ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган оқсоч аёлларга талаб ортиб бораётгани ва хотин-қизларни шу касбга ўқитиш ҳақидаги фикрлари ҳақида саволлар берилди.
– Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилганидан хабардорсиз, – деди Э.Турдимов шу ҳақдаги саволларга жавоб бераркан. – Мен ҳам меҳнат бозоридаги вазиятдан хабардор, одамларнинг бугунги ҳаёти билан яхши таниш вилоят раҳбари сифатида ўз таклифларимни билдирдим. Жумладан, оқсочлар, яъни уй хизматчилари фаолиятини тартибга солиш, бу меҳнат билан шуғулланаётган кишилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун уларни ўқитадиган, ҳимоя қиладиган марказлар ташкил этиш зарурлигини айтдим. Афсуски, буни ҳар ким ҳар хил талқин қилди. Бу ўринда одамларнинг кўнглига оғир ботгани “оқсоч” сўзи. Лекин истаймизми-йўқми, бу фаолият билан шуғулланувчилар аввал ҳам бўлган, бугун ҳам бор. Бадиий асарларда ёки тарихий китобларда ҳам бу сўз тез-тез учрайди. Бугун кўпроқ уй хизматчиси, энага деб номлаяпмиз, холос. Аммо, тан олайлик, қадимда бундай кишиларни ўша хонадон эгалари ўз яқинларидек қабул қилган бўлса, ҳозирда паст назар билан қараш, уларнинг шаъни, қадр-қимматини топташ ҳолатлари ўзимизда ҳам, хорижда ҳам қайд этилмоқда. Шунинг учун ушбу масалага эътибор қаратиб, оқсочларни тайёрлайдиган, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаган ҳолда хизматини таклиф этадиган марказлар ташкил этиш таклифини илгари сурдик. Бошқача айтганда, хизмат кўрсатишнинг мазкур йўналишига ҳам замонавий ёндашув лозим.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда биргина вилоятимиздан 246 минг киши, жумладан, 72 минг 800 нафар хотин-қизлар хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Уларнинг 75 фоизи Россияда бўлса, 7 мингга яқин опа-сингилларимиз Туркияда меҳнат қилади. Бу аёлларнинг аксарияти уй хизматчиси, энага вазифасини бажаради. Буни яшириш керак эмас, тан олиб, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишни ўйлашимиз керак.
Яна бир ёмон томони, ҳозирда оилаларга оқсоч, энага топиб беришни даромад манбаига айлантириб олган “тадбиркорлар” пайдо бўлган. Лекин уларнинг бу хизматининг ҳеч қандай қонуний асоси йўқ. Улар кимгадир оқсоч топиб бергани учун ҳақини олиб кетаверади, кейинги меҳнат муносабатлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Оқибатда бундан кўп ҳолларда иш берувчи ўша оила ёки уларга хизмат кўрсатган уй хизматчиси, энага жабр кўряпти. Шунинг учун бу хизмат тури билан шуғулланишни истовчи аёлларимизга ўз ҳуқуқларини ўргатиш, уй-рўзғор ишларини юритиш бўйича малакасини оширишни амалга оширувчи махсус марказлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Бу фикр, таклифни азиз аёлларимиз ҳимояси учун билдирдим. Биз бу соҳада тартиб ўрнатилишини, уй хизматчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини истаймиз. Миллат шаънини тушириш учун эмас, юксалтириш учун шундай таклиф айтдик.