Эрон Президенти: Мамлакатнинг деярли ярим аҳолиси COVID-19 билан касалланиши мумкин

Ҳасан Руҳонийнинг ушбу маълумоти ҳақида РИА Новости хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Эрон коронавируснинг иккинчи тўлқинини бошдан ўтказмоқда.

“Кейинги ойларда 30 миллиондан 35 миллионгача бўлган аҳоли коронавирус инфекциясини юқтириб олиши мумкин”, таъкидлади Руҳоний.

Шу билан бирга, Президент расмий статистикадан тубдан фарқ қилувчи касаллик юқтирганлар ва вафот этганлар ҳақидаги маълумотни келтириб ўтди. Мамлакат Президентининг сўзларига кўра, мамлакатда 25 миллион одам коронавирус инфекцияси билан касалланган. Ушбу кўрсаткич расмий маълумотлардан 93-95 марта кўп.

Президент матбуот котиби Алирезо Моези маълумотга аниқлик киритди. Унинг сўзларига кўра, ушбу маълумот “тахминий баҳолаш сценарийларидан” биридир.