Эронлик инвесторлар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Эрон Ислом Республикасининг турар жой ва бинолар қурилишига ихтисослашган "Анбуҳсозон касаба уюшмаси” раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

 Конструктив мулоқот давомида томонлар қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини атрофлича муҳокама қилди. Адиз Бобоев Самарқанд вилояти аҳолиси сонининг жадал ўсаётгани ва бунинг натижасида замонавий уй-жойларга талаб ортиб бораётганига алоҳида тўхталди.

Вилоятда 2024 йилда 11 минг 300 та хонадон фойдаланишга топширилган бўлса, 2025 йилда 12 минг 500 та турар-жой қурилиши режалаштирилганини, бу борада вилоятда юқори сифатли қурилиш материалларига эҳтиёж катта бўлиб, бугунги кунда унинг салмоқли қисми хориждан келтирилаётганини таъкидлади. Вилоят раҳбари бу борада Эрон компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдириб, вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Адиз Бобоев Самарқанд шаҳрида Ширин шаҳарчасини барпо этиш бўйича истиқболли лойиҳа ҳақида маълумот бериб, эронлик тадбиркорларни уни амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф қилди. Мазкур лойиҳага қурилишнинг илғор технологияларини жорий этиш қулай шаҳар муҳитини яратиш учун кенг имкониятлар очиб бериши алоҳида таъкидланди.

 "Анбуҳсозон касаба уюшмаси" раиси Ираж Раҳбар ўз навбатида Эрон делегацияси таркибида катта тажриба ва молиявий ресурсларга эга йирик қурилиш компаниялари борлигини таъкидлади. У Самарқанд вилояти иқтисодиётига фаол сармоя киритишга тайёрлигини билдириб, ҳар икки томон делегацияларининг ўзаро ташрифлари якунларига кўра “ақлли” Ширин шаҳарчаси қурилишида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.

Вилоят раҳбари эронлик инвесторларни бизнес юритиш ва сармояларни жалб этиб, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишлари учун қонун доирасида кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.