Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Етти нафар спортчида допинг аниқланди

2021 йилнинг 9 ойи давомида 7 нафар спортчида допинг аниқланди. Уларнинг 3 нафари халқаро мусобақа иштирокчиси бўлган.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Миллий антидопинг агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳумоюн Омонов маълумот берди.

Қайд этилишича, агентлик томонидан ўтган 9 ой давомида барча спорт турлари бўйича ўзбекистонлик спортчилардан 312 та допинг-синамалар олинди ва 4 та спортчи тақиқланган модда истеъмол қилганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, 3 та халқаро мусобақаларда ҳам допинг-синамаларни олиш агентликка ишониб топширилди. Бунда 41 та спортчида текширув ўтказилиб, уларнинг 3 нафари тақиқланган модда истеъмол қилганлиги маълум бўлди.

"Токио-2020" ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари давомида барча спортчилар қатори ўзбекистонлик спортчилардан ҳам допинг-синамалар олинди.

Ўзбекистонлик олимпия спотчиларидан жами 16 та допинг-синама олиниб, улардан 11 таси мусобақадан олдин ва 5 таси мусобақа даврига, яъни бевосита мусобақалар финалидан кейинга тўғри келди.

Паралимпия спортчиларимиздан эса жами 39 та допинг-синама олинди, улардан 21 таси мусобақадан олдин ва 18 таси мусобақа даврига, яъни мусобақалар финалидан кейинга тўғри келди. Мусобақадан олдин олинган тезкор допинг-синамаларнинг барчасида тақиқланган моддалар аниқланмаганлиги боис спортчиларимиз баҳсларда иштирок этди.

Мусобақа совринли ўринларга сазовор бўлган жаҳон ҳамда олимпия ва паралимпия рекордларини ўрнатган спортчиларимиз допинг-текширувидан ўтишди. Одатда улар тезкор таҳлил қилинмаслиги боис натижалар белгиланган муддатларда эълон қилинади.