Европа иттифоқи Беларусга қарши санкциялар жорий этади
Беларусдаги вазият туфайли Европа иттифоқи бир неча ўнлаб шахсларга нисбатан санкциялар жорий этади, бироқ мамлакат президенти Александр Лукашенко санкциялар рўйхатига киритилмади. Бу ҳақда 2 октябрь куни Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель маълум қилди.
“Эртага ёзма шаклда биз Беларусга қарши санкцияларни жорий этамиз. Ушбу рўйхатдан тахминан 40 киши ўрин эгаллаганини биласиз”, - деди Мишель ЕИ давлатлари раҳбарларининг биринчи кунги саммити якунидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.
Франция президенти Эммануэль Макрон Александр Лукашенкога нисбатан санкциялар жорий этилмаганига, бундай қарор “музокаралар ўтказилишини рад этишни” англатишини таъкидлаб, аниқлик киритди.
Унинг сўзларига кўра, Европа кенгаши ЕХҲТ (Европа хавфсизлиги ва ҳамкорлиги ташкилоти) орқали Лукашенкони “ишончни тиклаш бўйича чоралар кўриш, сиёсий маҳбусларни, айниқса президентликка собиқ номзодларни озод қилиш” масалалари бўйича музокаралар ўтказишга чақирмоқда.
Европа иттифоқи томонидан жорий этилган санкцияларга жавобан Минск ҳам жавоб санкцияларини жорий этди. Бу ҳақида Беларусь ТИВ сайтида хабар берилди.
Бироқ “Ўрнатилган цивилизацияли дипломатик амалиётга мувофиқ биз уни нашр қилмаймиз”, - дейилган сайтда.
Шу билан бирга хабарда, рўйхат Беларусь ўз ичига олган интеграцияли бирлашмалар доирасида амал қилиши қайд этилган.
Бундан ташқари, Минск Европа иттифоқидаги дипломатик иштирок даражасини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.
Бекзод Мусурмонов тайёрлади.