Европа Иттифоқи TikTokни фойдаланувчилар ҳуқуқини бузишда айблади
Европа Иттифоқи мамлакатларидаги профиль уюшмаларини бирлаштирган Европа истеъмолчилар ташкилоти (BEUC) Европа Комиссиясига машҳур TikTok ижтимоий тармоғига қарши фойдаланувчилар ҳуқуқларини бузганликда айблаб шикоят юборди.
"BEUC ва унинг аъзолари Европа Иттифоқи истеъмолчилар ҳуқуқини таъминлаш учун TikTok сиёсати ва ҳаракати бўйича кенг қамровли текширув ўтказилишини талаб қилмоқда", дейилади ташкилотнинг бугун, 16 февраль куни эълон қилинган пресс-релизида.
«Бир неча йил ичида TikTok, энг аввало, болалар орасида машҳур ижтимоий тармоқлардан бирига айланганди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ вояга етмаганларни хавфли, зарарли информациядан етарли даражада ҳимояламаган тарзда, аксинча фикрини бузиб, чалғитмоқда. Янги тадқиқот натижаларига кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларининг доимий равишда бузилиши, шунингдек, болаларга яширин реклама ва ноўрин информация тарқатилишига ишора қилинмоқда", дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, муаллифлик ҳуқуқи доирасида фойдаланувчи сиёсатига адолатсиз муносабатда бўлгани ҳақида гап кетганда, асосан улар ёзаётган видеолар назарда тутилган. Уларнинг фикрига кўра, TikTok муаллифга ҳеч қандай тўлов тўламасдан видеолардан фойдаланиш ва тарқатиш учун ноқонуний равишда иш юритмоқда.
Хуллас, ташкилотда фойдаланувчининг қандай шахсий маълумоти тўпланиши ва келажакда улардан қандай фойдаланилиши тўғрисида аниқ маълумот йўқлигидан хавотирда.
Ўтган июнь ойида маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Европа қўмитасида тузилган ишчи гуруҳ машҳур TikTok текширувини ўтказиш ниятидалигини маълум қилди. Хитой компаниясига тегишли ушбу ижтимоий тармоқ томонидан европаликлар шахсий маълумотини тўплашидан хавотирда бўлган Европарламент депутати номидан келган сўровдан кейин шундай қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, қўмита юзни таниб олиш тизими Европа Иттифоқи махсус маълумотларини ҳимоя қилиш қоидаларига қанчалик мос келишини ўрганмоқчи эди. Ушбу иш натижалари номаълум.
Маълумот учун: TikTok - бу қисқа мусиқий видеоклиплар, жонли эфир ва хабар алмашиш имкониятини берувчи машҳур ижтимоий тармоқ. Хитойнинг ByteDancе компаниясига тегишли.
Г.Холдорова тайёрлади.